
Германиянинг Шимолий денгизида жойлашган Вангерооге оролида маҳаллий ҳокимият раҳбарлик лавозимига муносиб номзод қидиришни бошлади. Бу гал орол маъмурияти газета орқали эълон бериб, янги ҳоким топишга ҳаракат қилмоқда.
Spiegel нашрининг хабар беришича, Христиан-демократлар, социал-демократлар ва “яшиллар” партияси биргаликда эълон беришга қарор қилган. Унда ҳокимлик лавозимига даъвогарлар учун қатор талаблар қўйилган.
Ҳокимликка номзодлар учун қўйилган талаблар:
- Оролда яшашга тайёр бўлиш;
- Олий маълумотга эга бўлиш;
- Маъмурий ишларда тажрибага эга бўлиш;
- Қонунан белгиланган ёш доирасига (23-67 ёш) кириш.
Эълонда: “Биз билан сиз масъулиятли лавозимда келажакни шакллантира оласиз”, — деган сўзлар келтирилган.
Ҳозирги ҳоким Марсел Фангор ҳам 7 йил аввал худди шундай газета орқали топилган. Бу сафар ҳам маҳаллий ҳокимият шу йўл билан муносиб номзод топишга умид қилмоқда. Сабаби, оролда маъмурий соҳада ишлайдиган малакали кадрлар тақчиллиги тобора кучайиб бормоқда.
Қизиғи, яқинда маёқчи лавозими учун берилган эълон интернетда вирусли тарзда тарқалган ва Вангерооге ороли бутун Германия бўйлаб машҳур бўлган эди.
Ҳужжат топшириш муддати ва сайлов санаси
Янги ҳоким 17 август куни сайланади. Бу лавозимга даъвогарлар 14 июнгача ҳужжат топшириши мумкин.
Бу сафарги эълон орол маъмуриятига керакли мутахассисни топишда қандай натижа беради – бунга вақт жавоб беради.
Фото: Hauke-Christian Dittrich / Вагенроогедаги маёқ
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар