16:17 / 30.03.2025
1 258

Россия Украинага янги ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда – Таҳлилчилар тахмини

Россия Украинага янги ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда – Таҳлилчилар тахмини
Яқин ҳафталарда Россия ҳарбийлари Киевга босимни кучайтириш ва музокаралардаги позициясини мустаҳкамлаш мақсадида янги ҳужумга тайёргарлик кўраётгани ҳақида Украина ҳарбийлари ва таҳлилчилари хабар бермоқда. Associated Press (AP) нашрининг маълумотига кўра, Россия бутун фронт чизиғи бўйлаб кўп векторли ҳужумни режалаштирмоқда.

Ҳужумга тайёргарлик аломатлари

Украина разведкаси маълумотларига кўра, Россия қўшинлари асосий ҳужумни мамлакатнинг шарқий ҳудудларига қаратмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский 27 март куни Париждаги саммитда Россиянинг Суми, Харкив ва Запорижжя вилоятларида баҳорги юришга тайёрланаётганини таъкидлади. Кейинги куни Зеленский Украина қуролли кучлари Суми вилоятига йўналтирилган ҳужумга қарши чоралар кўраётганини маълум қилди. Унга кўра, Россия бу ҳужум орқали музокараларда вақт ютиш ва янги ҳудудларни эгаллашни мақсад қилган.

Россия ҳужуми қанча давом этиши мумкин?

Таҳлилчи Алексей Гетманнинг фикрича, Россиянинг ҳужуми 6 ойдан 9 ойгача, яъни деярли бутун 2025 йил давомида давом этиши мумкин. Украина ҳарбийлари Россия қўшинлари ўз позицияларини яхшилаш мақсадида ҳужумлар сонини ошираётгани ва Украина мудофаа салоҳиятини йўқ қилиш учун фаол разведка ишларини олиб бораётганини қайд этишмоқда.

Шунингдек, Россия Украина қуролли кучлари чиқиб кетган Курск вилоятидаги ўз қўшинларини бошқа фронтларга ташлашни режалаштираётгани ҳақида ҳам хавотирлар мавжуд. Донецкдаги украиналик командирлардан бирига кўра, бу ҳудуддан келган россиялик ҳарбийлар олдинги ғалабалари туфайли руҳий ва жисмоний жиҳатдан кучли бўлиши мумкин.

Музокаралардаги тўсиқлар

Associated Press хабар беришича, Россия АҚШнинг Украина билан 30 кунлик сулҳ таклифини рад этган. Шунингдек, Қора денгизда ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув ҳам музокаралардаги келишмовчиликлар туфайли муаллақ ҳолатда қолган. Кремл бу масалада қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортчиларига нисбатан санкцияларни бекор қилиш ва Росселхозбанкни SWIFT тизимига қайта улашишни шарт сифатида қўймоқда.

Украина ва Россия ўртасидаги ҳарбий кескинлик тобора ортиб бораётгани фонида Украина ҳарбийлари янги ҳужумга қарши тайёргарлик кўришда давом этмоқда. Кремлнинг мақсади Украина ҳудудларини эгаллаш ва музокараларда устунликка эришиш эканлиги таҳлилчилар томонидан қайд этилмоқда. Ҳужум қандай шаклда кечиши ва унинг оқибатлари қандай бўлиши ҳозирча ноаниқлигича қолмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг