
Россия қуролли кучларининг йўқотишлари кескин ошмоқда. Ҳарбий таҳлилчи Александр Коваленконинг маълум қилишича, 2024 йил 29 март ҳолатига кўра, Россия армияси 1543 та тўп артиллерия воситасини йўқотган. Бу эса сўнгги уч йилда қайд этилган энг катта йўқотиш ҳисобланади. "Ой тугашига ҳали икки кун бор, аммо аллақачон мутлақ рекорд қайд этилди", — деб ёзди Коваленко.
Шу билан бирга, Россиянинг автотранспорт воситаларидаги йўқотишлари ҳам рекордга яқинлашмоқда. Февралда 3472 та автотранспорт йўқ қилинган бўлса, 29 мартга келиб, бу кўрсаткич 3297 тани ташкил қилди. Коваленконинг таъкидлашича, артиллерия ва автотранспортдаги йўқотишлар ўзаро боғлиқ бўлиб, асосан қўшинларнинг штурм ҳаракатларидаги талаблар ва махсус зирҳли техниканинг етишмаслиги билан изоҳланади.
Эски юк машиналари фронтда
Forbes нашрининг ёзишича, Россия фронтга 80 йиллик юк машиналарини жалб қилмоқда. Кузатувчи Дэвид Акс маълумотига кўра, россияликлар Иккинчи жаҳон уруши даврида ишлаб чиқарилган ГАЗ-69 моделли юк машиналаридан фойдаланишни бошлаган. Бу техниканинг илк намунаси 1952 йилда заводдан чиққан, охирги модификацияси эса 1972 йилда ишлаб чиқилган.
Бундай техникадан фойдаланиш Россия армиясининг демеханизациялашуви, яъни замонавий ҳарбий техникаларнинг етишмаслиги билан боғлиқ. Уруш давомида Россиянинг бронетехника ва оғир транспорт воситаларидаги йўқотишлари 20 мингдан ошган. Солиштириш учун, бутун Британия армиясида 18 минг техника мавжуд.
Фуқаролик техникасига талаб ортмоқда
Россия армиясидаги техник йўқотишлар фронтда фуқаролик автотранспорт воситаларидан фойдаланишга сабаб бўлмоқда. Таҳлилчиларнинг қайд этишича, россияликлар энди логистикадан ташқари, ҳужум операцияларида ҳам енгил автомобиллар, минивенлар ва ҳатто голфкарлардан фойдаланишга мажбур бўлишмоқда. Бу эса уларни миналар, артиллерия зарбалари ва дрон ҳужумларига янада ожиз қилади.
Таҳлилларга кўра, Россиянинг умумий техник йўқотишларининг 70% фоизи айнан зирҳсиз юк машиналари, енгил автомобиллар ва бошқа фуқаролик транспорт воситаларига тўғри келмоқда. Бу эса янада ноқулай транспорт турларига талабни оширмоқда — ҳатто электросамокатлар, отлар ва эшаклар каби воситалардан ҳам фойдаланиш эҳтимоли ортмоқда.
Россия ҳужумни давом эттира оладими?
Дэвид Акснинг таъкидлашича, демеханизацияга қарамай, Россия армияси ҳали ҳам ҳужум операцияларини давом эттириш салоҳиятига эга. Чунки россияликларда ҳали ҳам украиналикларга нисбатан кўпроқ одам ва техника мавжуд. Бироқ, транспорт воситаларининг йўқотилиши уларнинг стратегик имкониятларини чеклаб қўяди.
"Аниқ шароитларда демеханизацияланган россия полклари украин бригадаларини сиқиб чиқариши мумкин. Бироқ бундай қисмлар Украина мудофаа чизиғида юзага келган ёриқлардан самарали фойдалана олмайди", — дея хулоса қилади таҳлилчи.
Россиянинг ҳарбий техникасидаги йўқотишлар ва армиянинг демеханизация жараёни урушнинг бора-бора янада оғирлашишига ва Россия қўшинларининг манёвр қобилияти чекланишига олиб келиши мумкин. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар