
Жанубий Африкада ноодатий авиа ҳодиса рўй берди
Жанубий Африка Республикасида (ЖАР) вертолёт иштирокида содир бўлган ноодатий авиа ҳодиса жамоатчилик диққат марказига тушди. Мамлакат ҳукумати маълум қилишича, Robinson R44 Raven II вертолёти бортида бўлган пингвин сабабли ҳалокатга учраган. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар тарқатди.
Қушлар оролидан — фалокат сари...
Ҳодиса Қушлар оролидан Шарқий Кап провинциясига пингвинни олиб ўтиш вақтида юз берган. Аввалроқ воқеа тафсилотлари сир сақланган бўлса-да, расмий ҳисобот эълон қилиниши орқали барча маълумотлар ошкор бўлди.
Олимлар томонидан ўтказилган тадқиқотлардан кейин, бир мутахассис учувчидан пингвинни аэропортга етказиб қўйишни илтимос қилган. Қуш оддий картон қутига жойлаштирилиб, йўловчи уни тиззасида ушлаб ўтирган.
Ҳеч ким ўйламаган хавф — пингвиннинг қутиси ҳалокатга олиб келди
Парвоз вақтида картон қути сирпаниб кетиб, вертолёт бошқарув тангажига урилган. Бу техник мувозанатни бузиб, ҳаво кемасини ўнг томонга кескин оғдириб юборган. Оқибатда винтлар ерга тегиб кетган ва вертолёт ҳалокатга учраган.
Хайрият, қурбонлар йўқ
Омадли томони — бу воқеада ҳеч ким жабрланмаган. На учувчи, на тадқиқотчи жароҳат олган. Қолаверса, пингвин ҳам омон қолгани айтилмоқда. Аммо вертолёт қаттиқ шикастланган ва учишга яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
Хавф баҳоланган, лекин етарли эмас
ЖАР Фуқаролик авиацияси бошқармаси билдиришича, парвоздан аввал хавфсизлик баҳолаш ишлари амалга оширилган. Аммо пингвинни ташишда хавфсизлик талаблари етарли даражада таъминланмагани қайд этилган.
Табиатни муҳофаза қилиш, албатта, муҳим. Аммо ҳатто бир пингвин ҳам ҳаво транспортида жиддий аварияга сабаб бўлиши мумкинлиги — яна бир бор хавфсизлик қоидаларини жиддийлик билан қайта кўриб чиқиш зарурлигини кўрсатади.