
Россияда юксак хавфли гиёҳванд модда — карфентанил билан боғлиқ ҳолатлар кўпаймоқда. “Известия” хабарига кўра, сўнгги ойларда ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу моддани мунтазам тарзда мусодара қилмоқда.
Авваллари жуда кам учрайдиган бу модда 2024 йил давомида 1 килограмм миқдорда аниқланган бўлса, 2025 йил бошидан буён яна 100 грамм таркибида карфентанил мавжуд модда ушланган.
Карфентанил — синтетик опиоид бўлиб, илк бор 1974 йилда Janssen компанияси томонидан синтез қилинган. Унинг таъсири героиндан 5 минг, морфиндан эса 10 минг марта кучлироқ. Бу модда фил, буйвол, каркидон каби йирик ҳайвонларни тинчлантириш учун ишлатилади.
Мутахассислар таъкидлашича, инсон учун ўлимга олиб келувчи доза атиги 2 микрограммни (0,002 мг) ташкил этади. Карфентанил ҳозирда Россияда назорат қилинадиган психотроп моддалар рўйхатига киритилган.
Манбаларга кўра, Хитой бу модданинг асосий ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. БМТ эса карфентанилни дунёдаги энг кучли тижорат опиоидларидан бири сифатида тан олган.
Ҳуқуқ-тартибот органлари мазкур модданинг мамлакат бўйлаб тарқалишининг олдини олиш бўйича чораларни кучайтирмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!