date
views 1 220

Сумига зарба: Москва, Киев ва Вашингтон нима деди?

Сумига зарба: Москва, Киев ва Вашингтон нима деди?
Россия армияси 13 апрел, якшанба куни Украинанинг Суми шаҳри марказига ракета зарбаси йўллади. Оқибатда 34 киши ҳалок бўлган, улардан икки нафари болалар. 117 киши, жумладан 15 бола яраланган. Шаҳар марказига иккита баллистик ракета билан ҳужум қилинган.

«Дедлайн» олдидан

Кеча насронийлар учун диний байрам эди (пасхадан олдинги охирги якшанба). Украина томони айнан мана шу фактга урғу бермоқда. ОАВда Трамп Путинга апрел ойи охиригача муддат бергани, агар Россия шу вақт ичида ўт очишни тўхтатишга кўнмаса, Америка янги санкциялар киритиши ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Россиянинг зарбаси мана шу «дедлайн» ҳақида миш-мишлар фонида содир бўлди.

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг фикрича, Россия бу зарба билан Американинг таклифини жиддий қабул қилмаётганини кўрсатган. «Россия иккинчи ойки Американинг ўт очишни тўхтатиш таклифини рад қилиб келади. Афсуски Москвадагилар ўзларини бундан кейин ҳам одам ўлдиришга ҳақли деб ҳисоблашади. Вазиятни ўзгартириш учун ҳаракат қилиш керак», деган Зеленский.

Суми шаҳридаги Конгресс марказ зарбага учраган объектлардан бири. Украина томони бу одатда болалар учун машғулотлар ўтказиладиган жой эканини айтмоқда. Шаҳарга «Искандер М» баллистик ракетаси билан зарба берилгани айтилмоқда. Тармоқда ракета нишонга жуда тез келиб урилгани акс этган видеолар тарқалди. Зарба оқибатида машиналар, автобуслар портлаган. Дастлабки дақиқаларда олинган кадрларда кўчада ўнлаб жасадлар ётгани кўринади.

Биринчи марта

Сумига зарбадан кейин Трамп маъмурияти илк марта Россияни қоралаб чиқди. Трампнинг Украина бўйича махсус вакили генерал Кит Келлог Россия бу зарба орқали барча чегараларни кесиб ўтганини айтди. «АҚШ Россия ракета зарбаси сабаб қурбон бўлганлар яқинларига ҳамдардлик билдиради», деди давлат котиби Марко Рубио.

Бироқ Трампнинг ўзи бу гал ҳам Россияни танқид қилишга тили бормади. «Бу жуда даҳшатли. Менга улар хато қилганини айтишди, лекин барибир бу даҳшат», деди Трамп. Журналистлар АҚШ президентидан ким хато қилди, деб гапини аниқлаштиришни сўрашди. Бироқ Трамп яна улар хато қилди, улардан сўранг, деб мужмал жавоб берди. Европадагилар кутилганидек тинч аҳоли ўлимига олиб келган зарба учун Россияни қоралади.

Россия нима деди?

14 апрел кунининг иккинчи ярмида ниҳоят Россия мудофаа вазирлиги Украинанинг Суми областига ракета зарбаси амалга оширганини тан олди. Лекин руслар баёнотида ҳам ҳеч қандай янгилик йўқ, улар кутилганидек зарба нишони украин ҳарбийлари бўлгани, 60 нафар украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини айтишди. Табиийки Россия томони бу гал ҳам Украина тинч аҳолидан жонли қалқон сифатида фойдаланаётганини айтишни унутмади.

Украинада можаро

Сумига зарбадан кейин Украинада можаро авж олди. Суми областидаги Конотоп шаҳри мэри Артём Семенихин зарбадан кўп ўтмай видеомурожаат қилиб чиқди. Унда айтилишича, зарба куни Суми шаҳри марказида 117-ҳудудий мудофаа бригадаси ҳарбийларини тақдирлаш маросими ўтказилган. Уни Суми области ҳарбий маъмурияти раҳбари Володимир Артюх ташкиллаштирган. Украиналиклар бу гапидан кейин Семинихинни Россия зарбасини оқлашда айблашди.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сумига зарба: Москва, Киев ва Вашингтон нима деди?