date
views 311

Таиландда сунъий интеллектга эга биринчи робот-полициячи иш бошлади

Таиландда сунъий интеллектга эга биринчи робот-полициячи иш бошлади
Таиланднинг Накхонпатхом провинциясида мамлакатдаги биринчи сунъий интеллектга эга робот-полициячи синовдан ўтказилди. Interesting Engineering хабар беришича, AI Police Cyborg 1.0 номи берилган ушбу замонавий қурилма Сонгкран байрамида хавфсизликни таъминлашда ўз имкониятларини намойиш этди.

Робот махсус камера билан жиҳозланган бўлиб, бутун провинция бўйлаб ўрнатилган видеокузатув тизимига уланган. Шунингдек, у реал вақт режимида дронлардан олинган маълумотларни қабул қилиб, кўчалардаги вазиятни таҳлил қилади ва йиғилган маълумотларни бошқарув марказига узатади.

Роботнинг энг муҳим хусусиятларидан бири – одамларнинг юзини таниш имкониятидир. У хавфли гуруҳларга мансуб ёки қидирувда бўлган шахсларни тезда аниқлаб беради. Бундан ташқари, робот одамларнинг ташқи кўринишини, бўйи, жинси, тана тузилиши, кийими ва ҳатто хатти-ҳаракатларини ҳам таҳлил қила олади.

Агар жамоат жойларида жанжал ёки зўравонлик бошланса, AI Police Cyborg 1.0 буни зудлик билан қайд этади. Робот пичоқ ёки таёқ каби хавфли буюмларни осонлик билан ажратиши мумкин, аммо байрамларда сув сепиш учун фойдаланиладиган ўйинчоқ тўппончаларни хавфли восита сифатида қабул қилмайди.

Полиция вакиллари фикрича, бу робот хавфсизликни таъминлашда янги босқичдир. Чунки робот одамлар каби чарчоқ ҳис қилмасдан доимий равишда кузатув олиб бориши мумкин. Унинг сунъий интеллекти хавфли вазиятларга бир лаҳзада жавоб қайтаришга қодир.

Бундай замонавий тизим Хитойда ҳам муваффақиятли фаолият юритмоқда. Мамлакатдаги роботлар одамлар билан мулоқот қилади, уларнинг саволларига жавоб қайтаради ва полиция патрулларига ёрдам беради. Хитойдаги шундай роботлардан бири – PM01 модели ўтган йилнинг декабрь ойидан хизмат кўрсатиб келмоқда. Март ойида эса Logon Technology компаниясининг RT-G модели синовдан ўтказилган, у соатига 35 километр тезликда ҳаракатлана олади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Таиландда сунъий интеллектга эга биринчи робот-полициячи иш бошлади