
Россия президенти Владимир Путин Украинадаги фуқаролик объектларига зарба беришни тўхтатиш таклифини кўриб чиқишини маълум қилди. Бунинг учун Киев билан бевосита музокаралар олиб бориш эҳтимолини ҳам истисно қилмади, деб хабар берди "Интерфакс" агентлиги.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина президенти Владимир Зеленский Кремлга мамлакатдаги фуқаролик инфратузилмасига узоқ масофали ракета ва дронлар орқали зарба беришни 30 кунга тўхтатишни, кейинчалик муддатни узайтириш имкониятини таклиф этган эди.
Путин бу масала синчковлик билан ўрганилиши кераклигини айтди ва уни икки томонлама форматда ҳал қилиш эҳтимолини қайд этди.
"Бу масалани ҳал қилиш керак, чунки бу — синчковлик билан ўрганилиши лозим бўлган мавзу, эҳтимол, икки томонлама тарзда ҳам", деди Путин.
Кремль вакили Дмитрий Песков бу музокаралар айнан Украина билан бўлиши мумкинлигини аниқлаштирди.
Бироқ Путин Украина томони фуқаролик инфратузилмасидан ҳарбий мақсадларда фойдаланаётганига ишора қилди. У мисол тариқасида 13 апрель куни Суми вилоятидаги конгресс-марказга берилган зарбани эслаб ўтди.
“Бизнинг армиямизнинг Сумидаги конгресс-марказга берган зарбаси ҳаммага маълум. Бу объект фуқароликми? Ҳа, албатта. Аммо ўша ерда Курск вилоятида жиноят содир этган шахсларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди”, — деди Путин ва бу зарбани "ҳақли қасос" деб атади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳужум натижасида жами 35 киши, шу жумладан, болалар ҳам қурбон бўлган эди.
"Бу айнан уларни жазолаш учун қилинган", дея таъкидлади у.
Суми маъмурияти шаҳарда ҳарбийларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтганини тасдиқлади, лекин қурбонларнинг кўп қисми тинч аҳоли эканлигини маълум қилди. Маълумотларга кўра, ҳарбийлар ўз вақтида бошпанага тушиб улгурган, тинч аҳоли эса зарар кўрган.

Фото: Сумида ҳужумга учраган конгресс-марказ
Суми вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Владимир Артюх тақдирлаш маросими ҳақидаги маълумотни тасдиқлаганидан сўнг, Украина президенти Владимир Зеленский уни ўз лавозимидан озод қилди.
Шу билан бирга, Путин 4 апрель куни Кривой Рог шаҳридаги ҳужумга ҳам тўхталди. Бу зарба оқибатида 21 киши, жумладан, 9 бола қурбон бўлган. Путиннинг сўзларига кўра, ҳужум қилинган ресторанда ҳарбийлар йиғилишлар ўтказиб, байрам қилишган ва бу ҳам "ҳақли зарба" бўлган.
"Ресторанда йиғилишлар, учрашувлар, ҳарбийлар маслаҳатлар ўтказади, байрам қилишади, ароқ ичишади ва ҳоказо. Ана ўша жойга ҳам зарба берилди. Бу фуқаролик объекти эмасми? Фуқаролик. Аммо нишон ким эди? Ҳарбий", деди у.
Россия мудофаа вазирлиги ушбу ресторанда украиналик ҳарбийлар “ғарблик инструкторлар” билан йиғилганини таъкидлаган, лекин бу даъвони тасдиқлайдиган ҳеч қандай далил келтирилмаган.
Пасха муносабати билан 19 апрель куни Путин 30 соатлик сулҳ эълон қилганди. Лекин Украина томони бу сулҳ давомида Россия армияси 2000 мартадан ортиқ ҳужум амалга оширганини маълум қилди.
"Шунга қарамай, якшанба куни ҳаво таҳдиди ҳақида ҳеч қандай огоҳлантириш йўқ эди", — деди Зеленский.
Ўз навбатида, Россия Украина армиясини Пасха сулҳини бир неча марта бузганликда айблади. Шу муносабат билан Зеленский Кремлга яна бир таклиф киритиб, фуқаролик объектларига узоқ масофали ракета ва дронлар билан зарба беришни 30 кунга тўхтатишни сўради.
Россия-Украина можаросидаги ушбу янги таклиф атрофидаги вазият қандай якунланиши кўпчиликнинг диққат марказида турибди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар