date
views 147

Ҳиндистонда даҳшатли теракт: Кашмирда сайёҳлар ўққа тутилди, қурбонлар бор

Ҳиндистонда даҳшатли теракт: Кашмирда сайёҳлар ўққа тутилди, қурбонлар бор
Ҳиндистоннинг шимолий қисмида жойлашган Жамму ва Кашмир ҳудудида даҳшатли отишма содир бўлди. Фожиа оқибатида ўнлаб сайёҳлар ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазирлиги ва хавфсизлик хизматларидаги манбаларга таянган ҳолда News18 телеканали хабар тарқатди.

Қайд этилишича, мудҳиш ҳодиса Пахалгам шаҳридаги машҳур Бойсарон водийсида юз берган. Бир гуруҳ сайёҳлар сўқмоқ йўл орқали баландликка кўтарилаётганда, кутилмаганда қуролланган шахслар уларга қарата ўт очган. Маълумотларга кўра, отишма натижасида камида 27 киши, шу жумладан икки нафар хорижлик ҳам ҳалок бўлган.

Фожеадан сўнг зудлик билан полиция ва тиббиёт ходимлари воқеа жойига етиб келган. Айни вақтда маҳаллий расмийлар ушбу ҳодисани террорчилик ҳаракати сифатида баҳоламоқда.

Ҳиндистон оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, қурбонлар сони янада ортадиган бўлиши мумкин. Ҳукумат органлари ҳозирча аниқ қурбонлар ва жабрланганлар сони бўйича расмий баёнот бермаган.

Айни пайтда Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлган Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди фожиа ҳақида хабар топган заҳоти ички ишлар вазири Амит Шоҳ билан боғланиб, ундан зудлик билан зарур чора-тадбирларни амалга оширишни ва воқеа содир бўлган ҳудудга шахсан етиб боришни сўраган.

«Биз террорчиликка қарши курашда янада қатъий бўламиз ва бундай ҳужумлар мамлакатимизнинг иродасини синдира олмайди», – дея таъкидлади Нарендра Моди ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Ички ишлар вазири Амит Шоҳ эса жиноятни амалга оширганлар жазосиз қолмаслигини қайд этди. Шу муносабат билан у Жамму ва Кашмирга йўл олганини ва у ерда хавфсизликни таъминлашга масъул барча идоралар билан фавқулодда йиғилиш ўтказилишини маълум қилди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, сайёҳларга бир неча қуролланган кишилар ҳарбий формада ҳужум қилган. Ҳужумчилар отишмадан кейин ҳодиса жойидан қочиб кетишга муваффақ бўлган. Айни дамда Ҳиндистон хавфсизлик кучлари ҳудудни тўлиқ ўраб олган ва террорчиларни излаш ишларини фаол олиб бормоқда.

Шунингдек, маҳаллий ОАВнинг маълумотига кўра, ушбу даҳшатли ҳужум учун жавобгарликни «Қаршилик фронти» номи билан танилган гуруҳ ўз зиммасига олган.

Ҳозирча вазият таранглигича қолмоқда, ҳукумат қурбонлар ҳақидаги аниқ маълумотларни тез орада эълон қилиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистонда даҳшатли теракт: Кашмирда сайёҳлар ўққа тутилди, қурбонлар бор