date
views 1 040

Россиядаги ҳарбий қисмда кучли портлаш: аҳоли эвакуация қилинмоқда

Россиядаги ҳарбий қисмда кучли портлаш: аҳоли эвакуация қилинмоқда
Россиянинг Владимир вилоятига қарашли Киржач туманида кучли портлаш содир бўлди. Дастлабки маълумотларга қараганда, портлашга сабаб бўлган ҳодиса Бош ракета ва артиллерия бошқармасига (ГРАУ) тегишли 51-арсеналда (11785-ҳарбий қисм) юз берган. Қайд этилишича, айнан ушбу ҳарбий объектда аввал ҳам шунга ўхшаш бахтсиз ҳодиса кузатилган: 2022 йил ёзида содир бўлган портлаш натижасида 4 киши қурбон бўлган эди.

Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, портлашдан сўнг объект атрофида кучли гумбурлаш овозлари эшитилган ва ўқ-дори парчалари тахминан 5 километр радиусга тарқалиб кетган.

Ҳозирда маҳаллий маъмурият Москва томонидан Киржач шаҳрига кирадиган йўлларни тўлиқ ёпиб қўйган. Шунингдек, Барсово ҳамда Мирний қишлоқларида яшовчи аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ишлари бошланган.

Владимир вилояти губернатори Александр Авдеев ҳам воқеа ҳақида маълумот бериб, портлаш содир бўлганини тасдиқлаган. Бироқ у портлаган объект айнан ўқ-дори омбори экани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот бермади.

Маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, Звездний, Дубки, Першино, шунингдек, Храпки, Грибаново ва Мележи қишлоқларидан аҳолини эвакуация қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Эвакуация қилинган фуқаролар Киржач шаҳридаги умумтаълим мактабларига вақтинчалик жойлаштирилмоқда.

Кейинроқ Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги портлаш сабаби сифатида хавфсизлик қоидаларига риоя этилмаганини маълум қилди.

Ҳозирда ҳодиса оқибатларини бартараф қилиш ишлари олиб борилмоқда. Воқеа билан боғлиқ текширув ва тергов ишлари бошланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиядаги ҳарбий қисмда кучли портлаш: аҳоли эвакуация қилинмоқда