
© Sputnik / Станислав Красильников
Россия президенти Владимир Путин Москвада бўлиб ўтган «Кичик Ватан – Россия кучи» II Бутунроссия муниципал форумида мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган муниципал раҳбарлар билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда Кремль матбуот хизмати.
Учрашувда Путин ғарб давлатларининг Россияни стратегик мағлубиятга учратишга бўлган уринишлари тўлиқ муваффақиятсизликка учраганини маълум қилди.
«Ғалабамизга энди ҳеч кимнинг шубҳаси қолмади. Ғарб мамлакатлари майдонда енгилишларини кўриб, Россиянинг куч-қудрати ва мавжудлигининг калити халқимизнинг жасорати ва матонати эканини тушуниб етишмоқда», — дея қайд этди Путин.
Президент, шунингдек, Ғарб мамлакатлари томонидан Украинага етказиб берилаётган қуролларнинг кўп қисми доимий равишда қора бозорга чиқарилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Киев ҳукумати украин халқидан ўғирланган капитални сақлаб қолиш учун кураш олиб бормоқда ва хорижлик ҳомийлари билан ана шу сабаб туфайли яқин ҳамкорлик қиляпти.
«Киевдаги ҳукумат раҳбарлари фақат битта иш билан машғул бўлди: ҳудудлардан ва одамлардан бойлик ва ресурсларни чиқариб кетди. Пулларни хориждаги банк ҳисобларига ўтказишди. Улар халқ манфаатлари учун эмас, балки ўзлари ўғирлаган ва хорижга олиб чиқиб кетган маблағларни ҳимоя қилиш учун курашмоқда», — деди Путин. У бундай ўғирлик ва талончилик ҳали ҳам давом этаётганини қайд этди.
Давлат раҳбари мамлакатнинг чегарадош ҳудудларида яшовчи аҳолига ҳам алоҳида миннатдорлик билдирди. «Бизга чегарадош бўлган ҳудудларда яшовчи одамларнинг жасорати, матонати ва қаҳрамонлиги учун чуқур миннатдорчилигимни билдираман», — деди у.
Президент, шунингдек, Россия таркибига янги қўшилган ҳудудларни тиклаш ишлари ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши кераклигини таъкидлади. Унинг айтишича, ҳукуматнинг барча бўғинлари ушбу ҳудудларда яшовчи аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши зарур.
Шу билан бирга, Путин Россиянинг янги ҳудудларида раҳбарлик лавозимларига жанговар тажрибага эга бўлган шахсларнинг келаётганидан мамнун эканини қайд этди.
Президент махсус равишда 76-ҳаво десант-штурм дивизияси ҳарбийларига салом йўллади. У бу ҳарбий бўлинма жанг майдонида жуда самарали ва қаҳрамонларча курашаётганини таъкидлади.
Владимир Путин рус халқи жасорати, матонати ва қаҳрамонлиги Россиянинг бутун мавжудлиги асоси эканини, мамлакат яхлитлиги ва мустақиллигига таҳдид қилмоқчи бўлган кучлар буни ҳали-ҳануз тўлиқ тушунмай келаётганини айтиб ўтди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар