date
views 239

Ҳиндистон полицияси Кашмирдаги террорчиларни топганларга катта мукофот ваъда қилди

Ҳиндистон полицияси Кашмирдаги террорчиларни топганларга катта мукофот ваъда қилди
Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штати полицияси сайёҳларга қарши террорчилик ҳужумини амалга оширган жиноятчилар ҳақида маълумот берганларга катта мукофот ваъда қилди.

Расмий маълумотларга кўра, ҳужумчилар ҳақида ишончли хабар берган кишининг шахсияти қатъий сир тутилади ва унга 200 минг рупий (тахминан 2,3 минг АҚШ доллари) пулли мукофот топширилади. Террорчилар қидируви ҳақидаги маълумотлар полициянинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинган.

Маълум бўлишича, жиноятчилар 22 апрель куни мамлакатнинг машҳур сайёҳлик марказларидан бири бўлган Пахалгам шаҳри яқинида жуда оғир оқибатларга сабаб бўлган қуролли ҳужум уюштирган. Бу даҳшатли ҳодиса натижасида 26 нафар тинч аҳоли вакили ҳаётдан кўз юмган, яна 17 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Ҳиндистон хавфсизлик кучларининг маълумотларига кўра, мазкур мудҳиш терактни жами олти нафар қуролланган жангари амалга оширган. Улар Байсаран водийсида сайёҳлар ҳаракатланаётган сўқмоққа яқинлашиб, ҳеч қандай огоҳлантиришсиз ўт очган. Ушбу террорчилик ҳаракати учун масъулиятни «Кашмир қаршилиги» деб номланган қуролланган гуруҳ ўз зиммасига олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мазкур ҳужум сабабли кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жиддий жароҳатлар олгани муносабати билан Ҳиндистон президенти Драупади Мурму ҳамда бош вазир Нарендра Модига таъзия билдирган эди.

Ҳозирда террорчиларни қидириш ишлари фаол давом этмоқда ва хавфсизлик кучлари аҳолидан бу борада ҳар қандай ёрдамни сўрамоқда. Ҳиндистон ҳукумати мазкур фожиага сабаб бўлганларни тез фурсатларда топиб, жазога тортишга аҳд қилганини билдирмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ҳиндистон полицияси Кашмирдаги террорчиларни топганларга катта мукофот ваъда қилди
-->