date
views 11

Россиялик генерал-майор Иван Попов 5 йилга қамалди

Россиялик генерал-майор Иван Попов 5 йилга қамалди
Тамбов гарнизон ҳарбий суди 58-армиянинг собиқ қўмондони Иван Поповни мансаб сохтакорлиги ва фирибгарлик бўйича айбдор деб топиб, уни беш йил муддатга умумий тартибли колонияга қамашга ҳукм қилди. Шунингдек, Попов генерал-майор ҳарбий унвонидан ҳам маҳрум этилди.

Попов 2024 йилнинг май ойида қўлга олинган, июль ойида эса адвокатларнинг талаблари ортидан уй қамоғига ўтказилганди. Бироқ 2025 йил февраль ойида уни яна тергов изоляторига қайтаришди. Ҳарбий прокуратура уни рухсатсиз Тамбовдан Москвага кетганликда айблади.

Айбловга кўра, генерал Запорижжя вилоятида мудофаа иншоотлари қурилиши учун мўлжалланган, қиймати 100 миллион рублдан ошадиган 1,7 минг тонна металл маҳсулотларини ўғирлашда гумон қилинган.

Давлат айбловчиси Поповни олти йиллик қамоқ жазоси, генерал-майор унвонидан маҳрум қилиш ва 800 минг рубль жарима тўлаш билан жазолашни талаб қилган эди. Попов эса ўз айбини тан олмади ва ўзини ноқонуний равишда таъқиб қилинаётганини айтди.

Март ойи охирида Попов президент Владимир Путинга очиқ хат йўллаб, ўзини «махсус ҳарбий амалиёт ҳудудига» қайтаришни илтимос қилган эди. У ўзини доимо «содиқ аскар» деб ҳисоблаши ва армия унинг ҳаёти эканлигини таъкидлаган. Поповнинг адвокати Сергей Буйновскийнинг маълум қилишича, Россия мудофаа вазирлиги бу талабни қўллаб-қувватлаган ва уни «Шторм Z» отрядларидан бирининг қўмондони сифатида жангларга юбориш режалаштирилган.

Сўнгги нутқида Попов яна бир бор ўзининг айбсизлигини таъкидлаб, «Ватанга хизмат қилиш имкониятини беришни» сўради. У ҳаёти давомида хатолар қилган бўлиши мумкинлигини, аммо ҳеч қачон қонун бузмаганини ва қасамёдига ҳамиша содиқ қолганини айтди.

Попов 2023 йил ёзида 58-армия қўмондони лавозимидан четлатилган. Ўшанда у Россия мудофаа вазирлиги раҳбариятини танқид қилгани учун лавозимидан олинганини таъкидлаган. Генералнинг ҳисоботи ҳарбий блогерлар орасида катта эътибор қозонган ва унда Попов ўз қўл остидагиларни «гладиаторлар», ўзини эса Спартак деб атаган эди.

Поповга қарши жиноий иш Шойгу мудофаа вазири лавозимидан кетганидан сўнг бошланган юқори мартабали ҳарбийларнинг ҳибсга олиниши доирасида очилган учинчи иш бўлди. Ундан аввал мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Тимур Иванов ва Россия Мудофаа вазирлиги кадрлар бошқармаси бошлиғи Юрий Кузнецов ҳам қўлга олинган эди. Кейинроқ эса Россия Бош штаби собиқ бошлиғи ўринбосари Вадим Шамарин қамоққа олинган.

Биринчи бўлиб Шамаринга ҳукм чиқарилган бўлиб, у мудофаа буюртмасини бажаришда пора олгани учун етти йилга қамалган эди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиялик генерал-майор Иван Попов 5 йилга қамалди