date
views 113

Қадимги Марсда ёмғир ва қор ёққани аниқланди

Қадимги Марсда ёмғир ва қор ёққани аниқланди
Марс сайёраси қадим замонларда ҳозиргидан анча мўтадил иқлимга эга бўлиб, мавсумларга қараб қор ва ёмғир ёғган. АҚШнинг Колорадо университети олимлари шу ҳақда янги тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Мутахассислар сайёранинг қадимги иқлимини унинг замонавий релефини ҳисобга олган ҳолда компьютер ёрдамида моделлаштирди. Унга кўра, ёғингарчиликлар миллиардлаб йил аввал Марс юзасидаги сув оқими каналларини шакллантиришга хизмат қилган.

Кўплаб олимлар 4,1-3,7 миллиард йил олдин Марсда маълум миқдорда сув бўлганлигига ишонади. Аммо унинг манбаси ҳали ҳам аниқ эмас. Ўша вақтда Қуёш ҳозиргидан атиги 75 фоиз ёрқин бўлгани сабабли, баъзи олимлар Марснинг экватори яқинида жойлашган тоғли ҳудудларда музликларнинг вақти-вақти билан эриб турганлигини тахмин қилишган.

Марс экватори яқинидаги ҳудуднинг топографик харитаси
Фото: НАСА

Янги тадқиқот давомида олимлар экватор атрофидаги Марс релефига ўхшаш ҳудудни компьютер орқали қайта яратиб, бир неча хил сценарийларни кўриб чиқди. Баъзи моделларда ёғингарчилик ёмғир ёки қор шаклида тушган, бошқаларида эса музликларнинг эриши ҳисобга олинган. Ундан сўнг, сувнинг қандай оқишини узоқ вақт давомида кузатишган.

Тадқиқот натижаларига кўра, Марсдаги водийлар ва тепаликлар фақат ёғингарчиликлар натижасида шаклланган бўлиши мумкин. Чунки мавсумий музликларнинг эриши бу шаклларнинг пайдо бўлишига сабаб бўла олмайди.

НАСАнинг Perseverance марсоходидан олинган суратда Жезеро кратери тубидаги қум тоши кўрсатилган. Олимлар бу сув томонидан кратерга олиб келинган майда тош зарралари туфайли юзага келган деб ҳисоблайди
Фото: НАСА

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу водийлар турли баландликларда бошланган, бу эса фақат музликларнинг эриши билан боғлиқ бўлиши мумкин эмаслигини кўрсатади.

Тадқиқот гуруҳи компьютер симуляцияси натижаларини НАСАнинг Mars Global Surveyor ва Mars Odyssey миссиялари орқали олинган ҳақиқий маълумотлар билан солиштирди. Ёғингарчиликни ўз ичига олган моделлаштириш Марснинг ҳақиқий релефига анча яқин бўлиб чиқди.

Айниқса, НАСАнинг Perseverance марсоходи жўнатган суратлардан бири, Жезеро кратерида сув томонидан олиб келинган майда тошлардан ҳосил бўлган қум тоши мавжудлигини кўрсатди.

Шу билан бирга, олимлар бу натижалар қадимги Марс иқлими ҳақида якуний хулосани бермаслигини таъкидлайди. Чунки Марсда қор ёки ёмғир ёғиши учун керакли бўлган иссиқлик даражасининг қандай ушлаб турилганлиги ҳали ҳам тўлиқ аниқ эмас.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қадимги Марсда ёмғир ва қор ёққани аниқланди