date
views 653

Украина АҚШ қўллаб-қувватловидан маҳрум бўлиш эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда

Украина АҚШ қўллаб-қувватловидан маҳрум бўлиш эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда
Киев ҳукумати АҚШ билан олиб борилаётган музокараларда энг ёмон эҳтимолий сценарий — Вашингтоннинг ёрдами тўхташига жиддий тайёргарлик кўряпти. Бу ҳақда Украина ҳукуматидан ўз манбасига асосланиб Bild нашри хабар берди.

Нашрга кўра, Украина расмийлари АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп таклиф этаётган тинчлик шартларини қабул қилиб бўлмас, деб ҳисобламоқда ва бу ҳолат уларни чуқур ташвишлантирмоқда.

«Бизга тақдим этилаётган ва музокараларда кўтарилаётган таклифлар мутлақо қабул қилиб бўлмас шартлардир. Украина бундай осонликча таслим бўлмайди. Ҳукумат буни истаса ҳам, истамаса ҳам, халқ бу шартларни қабул қилмайди», деб билдирган нашр манбаси.

Bild таъкидлашича, Украина президенти Владимир Зеленский 26 апрель куни Рим папаси Франциск билан хайрлашув маросими вақтида Доналд Трамп билан шахсан учрашиши мумкин.

Украина дипломатлари Трамп таклиф этаётган шартларни «музокара тактикаси» сифатида баҳолашмоқда, лекин АҚШ раҳбариятининг Россия президенти Владимир Путинга етарли даражада босим ўтказмаётганидан ҳам норози бўлишмоқда.

АҚШ Россия ва Украина ўртасидаги келишув доирасида Кремлдан Украинанинг ўз армияси ва мудофаа саноатига эга бўлиш ҳуқуқини тан олишни талаб қилмоқда. Аноним манбаларнинг хабар беришича, АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф бу масалани Владимир Путин билан бўлажак учрашувида муҳокама қилади.

Бироқ, бу талабга рози бўлиш Путиннинг Украинага нисбатан илгари сурган «демилитаризация» талаби бўйича ортга чекинишини англатади. АҚШ музокараларнинг самарали бўлиши учун ҳам Украина, ҳам Россиянинг маълум даражада ён беришини талаб этмоқда.

Bloomberg таъкидлаганидек, айрим кузатувчилар АҚШнинг таклифларини Россия манфаатларига хизмат қилувчи шартлар сифатида баҳоламоқда. Хусусан, Украина НАТО альянсига қўшилиш истагидан воз кечиши кераклиги ҳақидаги талаб ҳам шулар қаторида тилга олинмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина АҚШ қўллаб-қувватловидан маҳрум бўлиш эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда
-->