
Японияда 29 йил мобайнида автобус ҳайдовчиси бўлиб ишлаган шахс атиги 7 доллар ўғирлагани учун нафақат ишидан, балки 84 минг доллар миқдоридаги пенсия нафақасидан ҳам маҳрум этилди. Бу ҳақда CBS News ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, 2022 йили Киото шаҳар муниципал транспорт бюроси ходимлари кузатув камералари тасвирларини кўздан кечириш пайтида автобус ҳайдовчиларидан бири йўловчи томонидан йўл ҳақи сифатида берилган 1000 юанлик (тахминан 7 АҚШ доллари) купюрани касса аппаратига солмасдан, ўз ҳамёнига яшириб қўйганини аниқлашган. Бошлиқ билан учрашув пайтида ҳайдовчи ўз айбини тан олмаган.
Шундан сўнг, ҳайдовчи лавозимидан озод қилинган. Бундан ташқари, унга ажратилган 84 минг долларлик пенсия нафақаси ҳам бекор қилинган. Эркак ўз ҳуқуқини тиклаш мақсадида Киото шаҳар судига мурожаат қилган, бироқ дастлабки суд жараёнида мағлуб бўлган.
Апелляция суди ҳайдовчига белгиланган жазони ҳаддан ортиқ қаттиқ деб топиб, уни бекор қилган. Лекин Япония Олий суди илк қарорни қайта тиклаб, ҳукумат позициясини маъқуллаган. Суд қарорида таъкидланишича, ҳайдовчининг бу хатти-ҳаракати жамоатчиликнинг маҳаллий жамоат транспорти тизимига бўлган ишончига жиддий зарар етказиши мумкин.
Маълум бўлишича, ушбу ҳайдовчи ўз меҳнат фаолияти давомида илгари ҳам бир неча марта низоли ҳолатларга тушиб қолган ва ҳайфсанлар олган. Масалан, у автобус бўш бўлган пайтда хизмат вақтида тамаки чеккани учун ҳам жазоланган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар