date
views 210

Россиялик юқори мартабали генералнинг ўлдирилишига доир қўшимча маълумотлар

Россиялик юқори мартабали генералнинг ўлдирилишига доир қўшимча маълумотлар
25 апрель куни Москва яқинида жойлашган Балашиха шаҳридаги кўп қаватли уй ҳовлисида содир бўлган портлаш оқибатида Россия Қуролли кучлари бош штаби бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари, генерал-лейтенант Ярослав Москалик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Россия тергов қўмитаси ва маҳаллий манбалар хабар бермоқда.

Ҳодиса Авиаторлар микрорайонида рўй берган бўлиб, бу ҳудуд ҳарбий пенсионерлар яшаши учун қурилган квартал сифатида маълум. Портлаш маҳаллий вақт билан тахминан 10:40 да содир бўлган. Volkswagen Golf русумли автомобилда ўрнатилган портловчи қурилма ишга туширилган ва натижада бир киши ҳалок бўлган. "Коммерсант" нашри қурбонлар сони икки нафар бўлиши мумкинлигини маълум қилди, бироқ бошқа манбалар бу маълумотни тасдиқламаган.

Портлаш кучидан биноларнинг пастки қаватларидаги деразалар синган, атрофдаги бир нечта автомобил шикастланган. Ҳодисадан кейин автомобилда ёнғин чиқиб, ўт ўчирувчилар томонидан зудлик билан бартараф қилинган.

Дастлаб портлаш газ баллони сабабли содир бўлгани тахмин қилинган эди, аммо тез орада бу тахмин рад этилди. Мутахассислар машинадан қўлбола портловчи қурилма қолдиқлари ва шикастловчи элементларни топган. Шу боис, терговчилар портлаш террорчилик ҳаракати бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Маълум бўлишича, портлаган автомобил Москаликнинг мулки бўлмаган. Генералнинг шахсий автомобили Skoda Kodiaq экани маълум қилинган. Volkswagen Golf’нинг эгаси эса яқин орада бир неча марта ўзгарган ва охирги эгаси Украинанинг Суми шаҳрида туғилган 40 ёшли Игнат К. бўлган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари портловчи қурилма масофадан туриб, генерал Москалик подъезддан чиқиб келаётган вақтда ишга туширилган деб ҳисобламоқда. "Известия" тарқатган кадрларда портлаш айнан машина ёнидан одам ўтиб кетаётган пайтда содир бўлганини кўриш мумкин.

Генерал Ярослав Москалик ҳақида маълумотлар кўп эмас. У 2015 йилда Украина шарқидаги можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича “норманд формати”даги музокараларда иштирок этган ва 2018 йилда Россиянинг "Стройтрансгаз" компаниясининг Суриядан фосфат маҳсулотлари етказиб бериш жараёнини назорат қилишда қатнашган. Шунингдек, у мунтазам равишда халқаро конференцияларда нутқ сўзлаган, жумладан, Москва халқаро хавфсизлик анжуманида Сурия билан боғлиқ мавзуларда чиқишлар қилган. Москаликка 2021 йилда генерал-лейтенант унвони берилган эди.

Россия тергов қўмитаси ушбу ҳолат юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг одам ўлдириш (105-модда) ҳамда портловчи моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш (222.1-модда) бўйича жиноят иши очган ва суриштирув давом эттирилмоқда.

Россия оммавий ахборот воситалари Москаликни Украинадаги кенг кўламли уруш бошланганидан буён ҳалок бўлган учинчи генерал-лейтенант сифатида тилга олишмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиялик юқори мартабали генералнинг ўлдирилишига доир қўшимча маълумотлар