date
views 121

Украина Россиянинг «соядаги флоти»га зарба берди: ноқонуний кема ҳибсга олинди

Украина Россиянинг «соядаги флоти»га зарба берди: ноқонуний кема ҳибсга олинди
Украина хавфсизлик хизмати (УХХ) Россиянинг «соядаги флоти» таркибига кирувчи хорижий юк кемасини Қора денгиз ҳудудида қўлга олганини маълум қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг матбуот хизмати хабар тарқатди.

Махсус амалиёт Украина хавфсизлик хизмати ва мамлакат чегара қўшинлари ҳамкорлигида, Қора денгиз акваториясининг ички сувларида ўтказилган. Аммо кеманинг аниқ қачон ушлангани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот берилмаган.

Терговчиларнинг тахминига кўра, ушбу кема 2024 йил охирида Севастопол портидан Украина жанубидаги босиб олинган ҳудудлардан ноқонуний тарзда олиб чиқилган 5 минг тонна буғдойни ташиб кетган. Айтишларича, бу юк ташувчи кема Осиё давлатларидан бирининг байроғи остида ҳаракатланиб, ушбу рейсни яширин ҳолда амалга оширган.

Украина хавфсизлик хизматининг хабар беришича, кемада ўтказилган тинтув жараёнида Россия кучлари томонидан Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб чиқиб кетилганлигини тасдиқловчи турли ҳужжатлар, навигация жиҳозлари ва бошқа кўплаб далилий ашёлар топилган.

Маълумот учун: «соядаги флот» деганда, халқаро кузатув тизимлари орқали аниқланмаслиги мақсадида сигнал узатувчи маёқларини ўчириб қўядиган эски ва яширин юк танкерлари тушунилади. Бундай танкерлар асосан Россия давлат корпорацияси «Совкомфлот» томонидан бошқарилади. Ғарб давлатлари томонидан санкциялар киритилгандан сўнг, Россия 2022 йил охирида ўз нефт маҳсулотларини белгиланган нархлардан юқорироқ нархда сотиш учун айнан шундай яширин флотдан фойдалана бошлаган эди.

The Guardian нашрининг маълумотига кўра, ҳозирда Россиянинг «соядаги флоти» таркибида тахминан 600 га яқин кема мавжуд бўлиб, улар мамлакат нефт экспортининг 70 фоизини амалга ошириб келмоқда.

Украина хавфсизлик хизмати ушбу ҳибс қилиш амалиётини мамлакат иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, Россиянинг ноқонуний савдо йўлларини тўсиб қўйиш бўйича муҳим қадам сифатида баҳоламоқда. Бу ҳодиса халқаро майдонда ҳам катта акс садо бериши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина Россиянинг «соядаги флоти»га зарба берди: ноқонуний кема ҳибсга олинди