date
views 1 544

Трамп: Россия ва Украина келишув остонасида турибди, урушни зудлик билан тўхтатиш лозим!

Трамп: Россия ва Украина келишув остонасида турибди, урушни зудлик билан тўхтатиш лозим!
АҚШ президенти Доналд Трамп 25 апрель куни Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар жараёни ҳақида муҳим баёнот билан чиқди. Унга кўра, куни кеча икки давлат ўртасида келишув учун яхши имконият яратилган ва томонлар келишувга жуда яқинлашган.

«Ҳозир келишув остонасида турибмиз. Асосий бандларнинг аксарияти аллақачон келишиб олинган. Энди Россия ва Украина раҳбарлари энг юқори даражада учрашиб, бу жараённи якунига етказишлари керак», — дея таъкидлади АҚШ президенти Truth ижтимоий тармоғида қолдирган хабарда.

Шу билан бирга, Доналд Трамп ҳар икки томонга мурожаат қилиб, қон тўкилишини зудлик билан тўхтатиш зарурлигини урғулаган: «Бу шафқатсиз ва маъносиз урушни тезда тўхтатишимиз керак. Бунинг учун биз ҳар қандай кўмак беришга тайёрмиз ва зарур бўлган барча жойда ёрдам кўрсатамиз».

25 апрель куни Москвада Доналд Трампнинг элчиси Стив Уиткофф ва Россия президенти Владимир Путин ўртасида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Бу Уиткоффнинг Путин билан тўртинчи учрашуви ҳисобланади. Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, уч соат давом этган суҳбатда нафақат Украина инқирози, балки бошқа кўплаб халқаро масалалар ҳам муҳокама қилинган ва бу музокаралар икки давлатнинг позицияларини янада яқинлаштиришга хизмат қилган.

«Ушбу учрашувда томонлар Россия ва Украина ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни тиклаш бўйича имкониятларни ҳам атрофлича муҳокама қилишди», — дея қўшимча қилди Ушаков.

Шундай қилиб, АҚШ президенти Доналд Трампнинг бу баёноти ва Москвадаги муҳим учрашувдан кейин, Россия-Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича умидлар янада орта бошлади. Эндиликда икки давлат раҳбарларининг учрашувига бўлган интизорлик янада кучаймоқда. Мазкур музокараларнинг муваффақиятли якунланиши жаҳон ҳамжамияти учун катта аҳамият касб этади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Трамп: Россия ва Украина келишув остонасида турибди, урушни зудлик билан тўхтатиш лозим!