date
views 0

Дубайга борувчи сайёҳлар учун янги талаблар қўйилди

Дубайга борувчи сайёҳлар учун янги талаблар қўйилди
Бирлашган Араб Амирликларининг энг машҳур сайёҳлик марказларидан бири бўлган Дубай амирлиги сайёҳлар ва маҳаллий аҳолининг саломатлигини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун қабул қилди. Эндиликда амирликка ташриф буюрувчи ҳар бир шахс ўз соғлиғи ҳақидаги ишончли маълумотларни тақдим этиши ва санитария қоидаларига қатъий риоя қилиши талаб қилинади. Бу ҳақда Gulf News нашри хабар бермоқда.

Янги қабул қилинган қонун талабларига мувофиқ, Дубайга келувчи ҳар бир шахс расмий санитария протоколларига сўзсиз амал қилиши лозим бўлади. Айниқса, юқумли касаллик билан касалланган ёки уни юқтирган бўлиши мумкин бўлган фуқароларга алоҳида диққат-эътибор қаратилади.

Қонунга кўра, сайёҳлар орасида юқумли касаллик аломатлари кузатилганида улар зудлик билан тегишли органларга хабар бериши, тиббий ниқоб тақиши ва ижтимоий масофани сақлаши керак. Шунингдек, янги ҳужжат билан аҳоли ва тиббиёт муассасалари учун ҳам қатъий талаблар белгиланган.

Юқумли касалликка чалинган ёки уни юқтирганликда гумон қилинган шахсларга касаллик ҳолатини яшириш, шунингдек, Дубай Соғлиқни сақлаш бошқармасининг расмий рухсатисиз яшаш жойини тарк этиш қатъиян тақиқланади. Улар бошқа шахслар билан мулоқотга киришмаслиги ва ваколатли тиббиёт органлари кўрсатмаларига қатъий амал қилиши талаб қилинади.

«Дубай амирлигида жамоат саломатлиги тўғрисида»ги янги 5-сонли қонун БААнинг вице-президенти, бош вазири ва Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ал Мақтум томонидан имзоланган.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 90 кун ўтгач кучга киради. Ҳужжат амалда бўлган ва унга зид бўлган олдинги барча қонунчилик нормаларини бекор қилади.

Қонуннинг самарали ижроси учун давлат ва хусусий секторлар ўртасида яқин ҳамкорлик ва фаол ҳаракат қилиш талаб қилинади. Бу эса, ўз навбатида, Дубайда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш тизимини янада мустаҳкамлайди ва сайёҳлар учун хавфсиз муҳитни таъминлашга хизмат қилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Дубайга борувчи сайёҳлар учун янги талаблар қўйилди