date
views 197

КХДР ўз ҳарбийлари Украинадаги урушда қатнашганини расман тасдиқлади

КХДР ўз ҳарбийлари Украинадаги урушда қатнашганини расман тасдиқлади
Шимолий Корея ҳукумати илк бор ўз қуролли кучлари Россия томонида Украина билан бўлган қуролли тўқнашувларда қатнашганини расман эълон қилди. Бу ҳақда Yonhap ахборот агентлиги Шимолий Кореянинг КCNA марказий ахборот агентлигига асосланиб хабар тарқатмоқда.

Маълум бўлишича, КХДР ҳарбийлари мамлакат раҳбари Ким Чен Иннинг тўғридан-тўғри буйруғи асосида, Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги кенг қамровли стратегик ҳамкорлик шартномаси доирасида Россияга юборилган.

«Украина ҳукумати томонидан Россияга қарши амалга оширилган тажовузни қайтариш мақсадида Курск вилоятини озод қилиш бўйича ўтказилган операциялар муваффақиятли якунланди», — дейилади КCNA ахборотида.

Шунингдек, Шимолий Корея ахборот агентлигининг таъкидлашича, ушбу ҳарбий амалиётларда КХДР қуролли кучлари бўлинмалари бевосита иштирок этган ва бу «давлат раҳбари Ким Чен Иннинг шахсий буйруғи асосида» амалга оширилган.

Шанба куни Россия Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов президент Владимир Путинга Курск вилоятидаги вазият бўйича ҳисобот бериб, Шимолий Корея ҳарбийларининг минтақани озод қилишда кўрсатган ёрдамларини алоҳида қайд этган.

Герасимовнинг бу баёноти КХДР ҳарбий кучларининг Россиядаги қуролли тўқнашувларда қатнашганини тасдиқловчи биринчи расмий хабар бўлди.

Аввалроқ Ғарб давлатлари ва халқаро матбуотда Шимолий Корея қўшинларининг Россиядаги амалиётларда иштирок этаётгани ҳақида тахминлар пайдо бўлган эди, аммо бугунги кунга қадар Пхеньян томонидан бундай хабарлар расман тасдиқланмаган эди.

Экспертларнинг фикрича, Шимолий Корея қуролли кучларининг Россия томонида қатнашиши икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. Шу билан бирга, халқаро ҳамжамият томонидан бу ҳолат кескин норозиликларга сабаб бўлиши эҳтимоли ҳам юқори.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » КХДР ўз ҳарбийлари Украинадаги урушда қатнашганини расман тасдиқлади