
Фото: AFP
Эрон жанубидаги энг йирик портлардан бири бўлган Бандар-Аббос шаҳрида 28 апрель куни рўй берган даҳшатли портлаш қурбонлари сони тобора ошиб бормоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, фожиа оқибатида 36 киши ҳалок бўлган, 1200 нафардан зиёд одам турли даражадаги жароҳатлар олган.
Порт ҳудудида содир бўлган портлашдан кейин аввалига аланга олган ёнғин қисқа вақт ичида назоратга олинганди. Бироқ портнинг шарқий қисмида сақланаётган бир қанча контейнерларда битум ва турли кимёвий моддаларнинг мавжудлиги сабабли, ёнғин янада авж олиб кетган ва уни ўчириш қийинлашган.
Эрон расмийлари портлаш сабабини тергов қилишга киришди ва дастлабки тахминларга кўра, ҳодиса ҳарбий воситалар билан боғлиқ эмаслигини таъкидлашди. Маҳаллий ОАВлар тарқатган видеоларда портлашнинг даҳшатли кўриниши, осмонда қўзиқорин шаклида улкан булут ҳосил бўлгани ва порт атрофидаги бир неча километр радиусдаги биноларнинг деразалари синганини кўриш мумкин.
Эрон соғлиқни сақлаш вазирлиги воқеа содир бўлган Ҳўрмузгон вилоятида фавқулодда вазият эълон қилиб, аҳолига уйларда қолиш, биноларнинг деразаларини ёпиш ва ниқоб тақиб юришни қатъий тавсия қилди.
Мамлакат президенти Масъуд Пизишкиён вазиятни шахсан назорат қилиш ва портлаш сабабларини аниқлаш мақсадида мамлакат ички ишлар вазири тезкор равишда ҳудудга юборилганини маълум қилди. Президент, шунингдек, портлаш оқибатида қурбон бўлганлар яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ва фожианинг барча жиҳатлари чуқур текширилиши ваъда қилинди.
Халқаро ҳамжамият ҳам Эронга ўз ёрдамини таклиф этмоқда. Жумладан, Россия президенти Владимир Путин Эрон раҳбариятига ва халққа ҳамдардлик билдириб, ёнғинни ўчириш учун амалий ёрдам кўрсатилишини маълум қилди. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг икки махсус самолёти – Бе-200ЧС амфибия самолёти ҳамда Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти порт ҳудудига ёрдам учун жўнатилиши кутилмоқда.
Ҳозирда портдаги вазиятни барқарорлаштириш ва ёнғинни батамом ўчириш бўйича чора-тадбирлар фаол давом эттирилмоқда. Эрон жамоатчилиги ва бутун дунё мамлакатнинг жанубида юз берган ушбу аянчли воқеадан хавотирда. Портлаш сабаблари ва унга алоқадор ҳолатлар ҳақида тергов ишлари давом этади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар