date
views 217

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида тўсиқ қуриш ишлари бошланди

Қирғизистон-Тожикистон чегарасида тўсиқ қуриш ишлари бошланди
Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Тўрт-Гул қишлоқ округига қарашли Қўшмоло туманида қирғиз-тожик давлат чегарасида махсус тўсиқ ўрнатиш ишларига старт берилди. Бу ҳақда Қирғизистон президентининг Боткен вилоятидаги махсус вакили маълумотига асосланиб, 24.kg нашри хабар тарқатди.

Мазкур ишлар минтақа учун стратегик аҳамиятга эга бўлган нуқтада — Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон давлат чегаралари туташган ҳудудда бошланган. Ушбу тадбирнинг бошланиши муносабати билан онлайн форматда ўтказилган маросимда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев ҳам иштирок этди.

Чегара ҳудудида қурилиш ишларини самарали амалга ошириш мақсадида махсус дала лагери қурилган бўлиб, ҳудудга зарур техника ҳам етказилган. Шунингдек, бу ерда иш олиб борадиган ҳарбий хизматчилар учун яшаш ва ишлашга қулай шароитлар яратилган.

Маълум қилинишича, дастлабки босқичда умумий узунлиги 420 километрни ташкил этувчи тиканли симлар билан тўсиқ ўрнатилиши режалаштирилган. Ушбу ишлар 2025 йил охирига қадар якунланиши кўзда тутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қирғиз-тожик давлат чегарасини аниқ белгилаш (делимитация) бўйича ишларнинг якунлангани маълум қилинган эди. 2025 йилнинг 13 март санасида Бишкекда икки давлат президентлари мазкур масала бўйича икки томонлама муҳим келишувни имзолаганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қирғизистон-Тожикистон чегарасида тўсиқ қуриш ишлари бошланди