date
views 0

Россия Украина шаҳарларига оммавий зарба берди: қурбонлар ва жароҳатланганлар бор

Россия Украина шаҳарларига оммавий зарба берди: қурбонлар ва жароҳатланганлар бор
Фото: Telegram / borys_filatovv
30 апрель, чоршанбага ўтар кечаси Россия томонидан учувчисиз учоқлар орқали амалга оширилган оммавий ҳужумлар Украинада жиддий вайронгарчиликларга сабаб бўлди. Хусусан, Днипро ва Харкив шаҳарлари жиддий зарар кўрди, қурбонлар ва яраланганлар борлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Днипро вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Лисак ҳамда шаҳар мэри Борис Филатов ўзларининг Telegramʼдаги саҳифаларида хабар берди.

Маълумотларга кўра, Днипро шаҳрида содир бўлган ҳужумда бир киши ҳалок бўлган, яна бир киши эса турли даражадаги жароҳат олган. Ҳужум оқибатида камида бешта хусусий турар-жой биноси шикастлангани қайд этилмоқда.

Харкив шаҳар мэри Игор Тереховнинг хабар беришича, шу тунда Харкив ҳам Россия учувчисиз учоқларининг кенг қамровли ҳужумига учраган. Унинг таъкидлашича, шаҳарга берилган зарбалар оқибатида камида 39 киши турли даражада тан жароҳати олган.

Харкив вилояти ОҲМ раҳбари Олег Синегубов жабрланганлар орасида беш ёшли қизалоқ, 16 ёшли ўсмир ва 24 ёшли ҳомиладор аёл борлигини маълум қилди.

Ҳужум маҳаллий вақт билан кечаси соат 23:26 да бошланган ва шаҳарга умумий 16 та зарба берилган. Зарба натижасида кўп қаватли ва хусусий турар-жой бинолари, тиббиёт муассасаси ҳамда бошқа фуқаролик инфратузилмаларига катта зарар етгани маълум қилинди.

Харкив вилояти прокуратураси қуролли можароларда содир этилган жиноятларга қарши кураш бўлими бошлиғи Спартак Борисенконинг сўзларига кўра, зарбалар Харкивнинг Слободской, Шевченко, Киев, Сальтовский ҳамда Немишлянский туманларига қаратилиб, жиддий вайронгарчиликларга олиб келган.

«Суспiльне Харкiв» Telegram канали Россиянинг Харкивга берган зарбаларининг оқибатлари акс этган фотосуратларни чоп этди. Улар орасида ойналари синиб кетган кўп қаватли уйлар, ёнган машиналар ва вайрон бўлган кўчалар акс этган.

Айни вақтда маҳаллий ҳокимият ва қутқарувчилар томонидан жабрланганларга ёрдам кўрсатилмоқда. Ҳодиса юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан суриштирув ва ҳужум оқибатларини бартараф этиш ишлари бошланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Украина шаҳарларига оммавий зарба берди: қурбонлар ва жароҳатланганлар бор