
Россия президенти Владимир Путин Беларусь раҳбари Александр Лукашенко билан Волгоградда бўлиб ўтган учрашувида Беларусда учувчисиз учоқ аппаратлари (УУА) ишлаб чиқарувчи завод қуришга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда «Интерфакс» агентлиги 29 апрель куни хабар тарқатди.
Путиннинг таъкидлашича, Россия мутахассислари беларуслик ҳамкасблари билан биргаликда янги завод пойдеворини қўйиш ва зарур лабораторияни ташкил этишга тайёр.
Шу билан бирга, Россия етакчиси икки давлат ўрта масофага учувчи самолётлар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиш имкониятлари ҳақида ҳам гапирган.
Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида Беларусь давлат ахборот агентлиги БелТА Россия томони Минскка Беларусда йилига 100 мингтагача учувчисиз учоқ ишлаб чиқариш имконига эга бўлган завод қуришни таклиф қилгани ҳақида хабар берган эди.
Россия президенти администрацияси раҳбари ўринбосари Максим Орешкин шу муносабат билан: «Биз Беларусда тўлиқ маҳаллийлаштирилган, барча зарур технологияларни қамраб олган ва Россия ҳамда бошқа мамлакатлардаги ишлаб чиқариш базалари билан ягона технологик платформада ишлайдиган завод қуришни таклиф қилдик. Асосий режа – бир йил давомида йилига 100 мингтагача учувчисиз учоқ ишлаб чиқарадиган ишлаб чиқариш қувватига эга завод барпо этишдир», – деб маълум қилган эди.
Ҳозирча завод қурилиши қачон бошланиши ва лойиҳанинг умумий қиймати ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Аммо икки давлат ҳамкорлигида ушбу ишлаб чиқариш корхонаси яқин муддатда ташкил этилиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар