
Украина президенти Владимир Зеленский Россиянинг Беларусда режалаштирган қўшма ҳарбий машғулотлари остида, аслида, қандайдир жиддий тайёргарликлар кетяпти, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда у онлайн тарзда Варшава шаҳрида ўтказилган «Уч денгиз ташаббуси» халқаро саммитида билдирди.
«Ҳозирги вақтда Россия Беларусда ҳарбий машқлар баҳонаси билан аниқ мақсад ва режасини ошкор қилмай ниманидир тайёрламоқда. Одатда, Россия томонидан янги ҳужумлар айнан мана шундай усул билан бошланади. Ҳужум қайси давлатга қаратилиши мумкин? Украинами? Литвами? Ёки Польша? Худо сақласин! Нима бўлганда ҳам, барчамиз ҳар қандай ҳолатга тайёр туришимиз лозим», – дея Зеленский ўз хавотирини билдирган.
Шунингдек, Зеленский Ғарб мамлакатлари раҳбарларини Кремл раҳбари Владимир Путинга босимни кучайтиришга чақирди. Унинг фикрича, Россия Украинанинг ҳудудий яхлитлигига зарар етказмаган ҳолда ва Путин учун ҳеч қандай имтиёз ёки мукофотлар берилмаган ҳолда бу уруш якунланиши шарт.
«Бу урушнинг натижаси Украина учун адолатли бўлиши, бизнинг давлатимиз ўз ҳудудининг бирор қарич еридан ҳам айрилмаслиги керак», – деди Зеленский.
Маълумот учун, «Уч денгиз ташаббуси» халқаро форуми Болтиқбўйи, Қора ва Адриатик денгизлари атрофидаги Европа Иттифоқининг 12 давлатини бирлаштиради. Саммит якунида иштирокчи давлат раҳбарлари Россиянинг Украинага қарши урушини кескин қоралаб, қўшма баёнот қабул қилди. Шунингдек, Украина ва Молдованинг Европа Иттифоқига қўшилиш жараёнини тезлаштириш бўйича ҳам мурожаат йўлланди.
Аввалроқ Москва ва Минск шу йил сентябрь ойида Беларус ҳудудида катта кўламдаги қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказилишини маълум қилган эди. Турли манбаларга кўра, ушбу машғулотларга жалб қилинган ҳарбий хизматчилар сони 100 минг нафарга етиши мумкин.
Россия ва Беларуснинг мазкур ҳаракатларига жавобан, Польша ҳам НАТО билан биргаликда ўз ҳудудида кенг қамровли ҳарбий машқларни ўтказиш режасини эълон қилди. Германиянинг Гамбург шаҳрида эса кузда Россия томонидан НАТО давлатларига эҳтимолий ҳужум сценарийсини тақлид қилувчи катта ҳарбий машғулотлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Ўз навбатида Россия расмийлари НАТО мамлакатларининг ўз чегаралари яқинида ҳарбий машғулотларни тез-тез ўтказаётганидан безовта эканини билдириб келмоқда. Хусусан, Россия Хавфсизлик Кенгашининг собиқ раҳбари Николай Патрушев НАТО давлатлари Калининград вилоятини эгаллаш ва Россиянинг ядро қуролларига профилактик зарба бериш бўйича сценарийларни ишлаб чиқаётганини таъкидлаган.
Украина ПрезидентиРоссия Ҳарбий МашқлариВаршава СаммитиКремл БосимиУруш НатижасиЕвропа Иттифоқи Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар