date
views 268

АҚШ ва Украинанинг иқтисодий битими – Трампнинг Россия билан музокараси учун мустаҳкам асос

АҚШ ва Украинанинг иқтисодий битими – Трампнинг Россия билан музокараси учун мустаҳкам асос
АҚШ ва Украина ҳукуматлари ўртасида мамлакатни қайта тиклаш учун муҳим аҳамият касб этувчи янги иқтисодий шартнома имзоланди. Бу ҳақда АҚШ молия вазири Скотт Бессент 1 май куни Fox Business Network телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Америка молия вазири янги шартномани АҚШ президенти Доналд Трамп учун Россия билан музокараларни янада муваффақиятли ўтказишга имкон яратувчи, тўлақонли иқтисодий ҳамкорлик сифатида баҳолади.

«Бу шартнома Россия раҳбарияти учун аниқ сигналдир. Ҳужжат Украина ва Америка халқлари ўртасида ҳеч қандай зиддият ва келишмовчилик йўқлигини кўрсатади. Биз украиналиклар фаровон яшамас экан, Америка ҳам манфаат кўрмаслигини тушунамиз. Шундай экан, энди икки мамлакат иқтисодий жиҳатдан тўлиқ бирлашди. Бу эса президент Трампга Россия билан янада кучли асосда музокара олиб бориш имкониятини яратади», – деди Скотт Бессент ўз интервьюсида.

Шунингдек, вазир янги битим фақатгина ноёб металларга эмас, балки инфратузилма ва энергетика соҳаларига ҳам тегишли эканини таъкидлади. «Шу тариқа, келишув ҳар икки мамлакат учун ҳам манфаатлидир ва икки томон ҳам ғалабага эришиши мумкин», – дея сўзларини якунлади америкалик расмий.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ ва Украина ҳукуматлари ўртасида узоқ вақтга чўзилган дипломатик музокаралар натижасида иқтисодий шартнома имзоланди. 1 майга ўтар кечаси тузилган ушбу келишувга кўра, уч йил аввал Россия томонидан ҳарбий ҳаракатларга учраган Украинани қайта тиклаш учун махсус инвестиция жамғармаси ташкил этилади. Келишувга АҚШ томонидан молия вазири Скотт Бессент, Украина томонидан эса иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко имзо чекди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ ва Украинанинг иқтисодий битими – Трампнинг Россия билан музокараси учун мустаҳкам асос