date
views 423

Россия Украинадаги мақсадларини ўзгартиряптими? АҚШ разведкасидан янги тахминлар

Россия Украинадаги мақсадларини ўзгартиряптими? АҚШ разведкасидан янги тахминлар
Россия Украинадаги ҳарбий мақсадларини қайта кўриб чиқиб, энди кўпроқ қисқа муддатли режаларга эътибор қаратиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ ва бошқа Ғарб разведка хизматларига яқин манбаларга таяниб CNN телеканали маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Москва энди ўз назоратидаги ҳудудларда мавжуд позицияларни сақлаб қолиш, мудофаани кучайтириш ҳамда санкциялар сабаб оғир аҳволда қолган Россия иқтисодиётини яхшилашга асосий урғуни қаратмоқчи.

CNN телеканали билан суҳбатлашган америкалик ва украиналик юқори лавозимли мулозимлар фикрича, Россиянинг стратегик режаларидаги ўзгаришлар, асосан, Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни яхшилашга бўлган ҳаракат билан боғлиқ бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Аммо, юқори мартабали мулозимлардан бирининг таъкидлашича, Россия ҳанузгача ўзининг асл “максималистик ҳарбий мақсадлари”дан бутунлай воз кечган эмас. Ушбу мақсадларга, хусусан, Украинадан янги ҳудудларни ўз назорати остига олиш истаги ҳам киради.

Таъкидлаш жоизки, АҚШ разведкаси вакиллари бу йил бошидаёқ президент Доналд Трамп маслаҳатчиларига Россия айнан шундай стратегияни танлаши мумкинлигини маълум қилган эди.

Бу орада Кремль ўзининг позициясини яна бир марта аниқ ифода қилди. Президент Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг баёнотига кўра, Кремлнинг стратегик мақсадлари ҳарбий амалиёт бошланган пайтдан бери ўзгармаган ва мамлакат миллий хавфсизлигини таъминлашга йўналтирилган.

Бир ой олдин ҳам Дмитрий Песков Россия музокаралар ва тинч йўл билан келишувга тайёрлигини билдириб, бу орқали мамлакатнинг манфаатлари таъминланиши лозимлигини таъкидлаганди.

Шундай қилиб, бир томондан Россия ўз назоратидаги ҳудудларни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётини рағбатлантиришга ҳаракат қилмоқда, бошқа томондан эса узоқ муддатли режаларидан ҳам бутунлай чекингани йўқ. Москва учун муҳим бўлган Украина масаласи атрофидаги дипломатик курашлар ҳали давом этиши аниқ.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россия Украинадаги мақсадларини ўзгартиряптими? АҚШ разведкасидан янги тахминлар