date
views 101

БМТ вакили: “Исроил Ғазода журналистларни атайлаб ўлдирмоқда”

БМТ вакили: “Исроил Ғазода журналистларни атайлаб ўлдирмоқда”
Ғазо секторида журналистлар махсус нишонга олинаётгани, кўп ҳолларда уларнинг ўлими тасодифий эмас, қасддан амалга оширилаётгани ҳақида жиддий иддао билдирилди.

Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлиги томонидан босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги вазиятни кузатиб бораётган вакил Ажит Сунгай “Анадолу” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Матбуот эркинлиги кунида аламли ҳақиқат

Мазкур суҳбат 3 май — Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан ташкил этилган. Сунгай суҳбат давомида Ғазо журналистлар учун дунёдаги энг хавфли ҳудудлардан бирига айланганини таъкидлади.

Унинг айтишича, маҳаллий ОАВ ходимлари Ғазо, Ғарбий соҳил ва бошқа Фаластин ҳудудларида бўлиб ўтаётган воқеаларни ёритиш учун ғайрат билан ҳаракат қилмоқда. Аммо уларнинг фаолияти жуда катта хатар остида.

210 дан зиёд журналист ўлдирилган

Фаластин журналистлар иттифоқи маълумотларига кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён 210 нафардан зиёд фаластинлик журналист ўз ҳаётидан айрилган. Ажит Сунгайнинг таъкидлашича, кўпгина ҳолатларда улар касбий вазифасини бажараётган пайтда нишонга олинган.

“Биздаги маълумотларга қараганда, айрим ўлимлар қасддан амалга оширилганини кўрсатувчи ишоралар мавжуд. Улар ўзи танлаган касб туфайли ўлдирилган”, — деди у.

Бу уруш жинояти бўлиши мумкин

БМТ вакили халқаро ҳуқуқ қоидаларига кўра, ҳар қандай қуролли низо пайтида тинч аҳоли, жумладан, журналистлар ҳимояга муҳтож қатлам ҳисобланишини эслатиб ўтди.

“Бизнинг тузилма ўрганган ҳолатларнинг кўпида ушбу ҳуқуқий меъёрлар бузилган. Журналистларга қарши қасддан уюштирилаётган ҳаракатлар уруш жинояти деб баҳоланиши мумкин. 210дан ортиқ ўлим ҳолатининг ҳар бири тўлиқ суриштирилиши ва айбдорлар жавобгарликка тортилиши шарт”, — дея таъкидлади Сунгай.

“Бу каби қирғунни аввал ҳеч қачон кўрмаганман”

Сунгайнинг сўзларига қараганда, Ғазодаги ҳолат журналистлар учун бошқа ҳеч бир жойда кузатилмаган даражада ҳалокатли бўлмоқда. У ўз тажрибасида бундай қисқа вақт ичида бу қадар кўп ОАВ ходими ҳалок бўлганини биринчи марта кузатмоқда.

“Кўплаб журналистлар ўз уйларида, фарзандлари билан бирга нишонга олинмоқда. Уларнинг оила аъзолари ҳам ҳалок бўлганлар орасида. Бу — мисли кўрилмаган ҳолат. Яраланганлар сонини ҳам аниқ айта олмаймиз, чунки маълумотлар етарли эмас”, — деди у.

Олдинги сафдагиларга эҳтиром

Сунгай ўз сўзларида бутун дунё бўйлаб хизмат бурчини адо этиш пайтида ҳалок бўлган ёки тан жароҳати олган журналистлар ва уларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Ғазода юз бераётган воқеалар халқаро журналистика ҳамжамияти учун жуда жиддий хатар ҳисобланмоқда. Сизнингча, бу вазиятга дунё ҳамжамияти қандай жавоб қайтариши керак?
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » БМТ вакили: “Исроил Ғазода журналистларни атайлаб ўлдирмоқда”