
Ирландиянинг шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича комиссияси Хитойнинг ByteDance компаниясини (TikTok платформасининг эгаси) Европа Иттифоқининг шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш қоидаларини бузгани учун 530 миллион евро жаримага тортди, деб хабар берди Reuters агентлиги.
Маълум қилинишича, ByteDance хитойлик ходимларнинг Европа Иттифоқидаги фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларига киришини чеклаш бўйича етарлича ишончли далилларни тақдим эта олмаган. Европа Иттифоқи қонунчилигига кўра эса, шахсий маълумотларнинг Иттифоқ ҳудудида сақланиши ва ташқи мамлакатлардан рухсатсиз фойдаланишнинг олди олиниши шарт қилиб қўйилган.
Шу муносабат билан, ByteDance компаниясига маълумотларни қайта ишлаш жараёнини Европа Иттифоқи қонунчилиги талабларига мувофиқ ҳолатга келтириш учун 6 ой муддат берилди.
Ўз навбатида, ByteDance ушбу қарорга қарши шикоят қилишини маълум қилди. Компания вакиллари жарима қўлланишида улар томонидан 2023 йилда жорий этилган қўшимча хавфсизлик чоралари ҳисобга олинмаганини таъкидлашмоқда.
Компаниянинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари фақат Европа ва АҚШда жойлашган махсус маълумотлар марказларида сақланади. Шу билан бирга, ByteDance ҳеч қачон Хитой ҳукумати томонидан ушбу маълумотларга кириш учун расмий сўров олмаганини қайд этмоқда.
ByteDanceЕвропа ИттифоқиШахсий МаълумотларЖарима МиқдориМаълумотларни ҲимояХитой Компанияси Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар