
Японияда 15 ёшгача бўлган болалар сони 1950 йилдан буён кузатув олиб борилаётган давр ичида энг паст кўрсаткични қайд этди. Бу ҳақда мамлакатнинг Маъмурий ишлар ва коммуникациялар вазирлиги томонидан тайёрланган янги ҳисоботда маълум қилинган.
Ҳисобот мамлакатда нишонланадиган миллий байрам — Болалар куни арафасида оммага тақдим этилди. Унга кўра, шу йилнинг 1 апрель ҳолати бўйича Японияда 15 ёшгача бўлган болаларнинг умумий сони 13,7 миллион кишини ташкил қилмоқда. Бу эса ўтган йилнинг шу давридаги рақамлар билан солиштирилганда, 350 минг нафарга камайганини кўрсатмоқда.
Маълум қилинишича, бугунги кунда Япониянинг умумий 124 миллион аҳолиси орасида болалар улуши бор-йўғи 11,1 фоизни ташкил этяпти. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аҳолиси 40 миллиондан юқори бўлган 37 та давлат ўртасида ўтказилган рейтингда Япония мазкур кўрсаткич бўйича охиридан иккинчи ўринда келмоқда. Энг сўнгги ўрин эса Жанубий Кореяга тегишли бўлиб, ушбу давлатда болалар аҳолининг атиги 10,6 фоизини ташкил қилади.
Ҳозирги кунда Япония ҳукумати демографик муаммони ҳал этиш мақсадида турли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, болали оилалар учун ажратиладиган моддий ёрдам миқдори оширилиб, фарзанд кўрган ота-оналарга бериладиган таътиллар тизими кенгайтирилмоқда. Бироқ кўрилаётган бу чоралар ҳозирча кутилган натижани бермай келмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар