
Бразилия полицияси америкалик машҳур қўшиқчи Леди Гаганинг 3 май, якшанба куни Рио-де-Жанейродаги дунёга машҳур Копакабана пляжида бўлиб ўтган бепул концертида даҳшатли терактни барвақт аниқлаб, унинг олдини олди. Бу ҳақда мамлакатнинг ҳуқуқ-тартибот органлари матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан ўтказилган кенг қамровли амалиёт давомида портловчи моддалар ҳамда молотов коктейллари орқали терактни амалга оширишни режалаштирган гуруҳнинг икки аъзоси ушланди. Улардан бири асосий уюштурувчи сифатида Рио Гранде-ду-Сул штатида ноқонуний ўқотар қурол сақлагани учун қўлга тушган бўлса, иккинчиси Рио-де-Жанейрода болалар порнографиясини тарқатиш ва сақлаш билан шуғулланганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган.
Полициянинг тафтиш ишларида маълум бўлишича, ушбу хавфли тўда ўсмир ёшларни радикал ғояларга жалб қилиб, уларни нафрат ва зўравонликка чорлаган. Ташкилотчилар махсус ижтимоий тармоқлардаги гуруҳларда ўзларини хонанданинг халқаро мухлислари бўлган "Little Monsters" гуруҳи аъзолари сифатида таништириб, кўплаб ёшларни ўз сафига жалб қилган.
Бразилия оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, полиция ушбу хавфли гуруҳнинг ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларини кузатиб борган ва бу орқали уларнинг режаларини барвақт фош этишга муваффақ бўлган.
Таниқли хонанда Леди Гаганинг Копакабана соҳилидаги бепул концерти нафақат Бразилия, балки бутун Жанубий Америка маданий ҳаётидаги муҳим воқеалардан бирига айланди. Хонанданинг ўзи ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали маълум қилишича, тадбирга 2 миллиондан ортиқ мухлис ташриф буюрган ва бу унинг фаолиятидаги энг кўп томошабин тўпланган концертлардан бири бўлган.
Маҳаллий ҳокимиятлар ушбу йирик тадбирни ташкил этиш учун катта маблағ ажратиб, концерт шаҳар иқтисодиётини ривожлантириш ва туристлар оқимини кучайтиришга хизмат қилишини кўзлаган. Ҳисоб-китобларга кўра, тадбир натижасида шаҳар иқтисодиётига 100 миллион доллар атрофида даромад келиб тушиши кутилмоқда.
Полициянинг муваффақиятли амалиёти сабабли, йирик фожианинг олди олингани кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларида алоҳида эътироф этилмоқда. Ҳозирда воқеа юзасидан қўшимча суриштирув ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Хонанда ҳам, тадбир ташкилотчилари ҳам, Бразилия ҳукумати ҳам бу амалиётни амалга оширган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ўз миннатдорчилигини билдирди. Леди Гага эса ўз саҳифаларида концертда иштирок этган барча мухлисларига саломатлик ва тинчлик тилаб, бундай воқеаларнинг содир бўлмаслигини умид қилишини маълум қилди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар