
Хитойнинг жануби-ғарбидаги Гуйчжоу провинциясида кутилмаганда пайдо бўлган кучли шамол оқибатида дарё бўйлаб сайр қилаётган бир нечта сайёҳлик қайиқлари ағдарилиб кетди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, 4 май куни содир бўлган нохуш воқеа натижасида жами тўртта сайёҳлик кемаси шамол зарбасига дош беролмай ағдарилган. Ҳалокат вақтида қайиқларда 84 нафар сайёҳ бўлган ва уларнинг барчаси сувга тушиб кетган.
Ҳодиса сабабли, айни пайтгача 10 киши ҳалок бўлганлиги маълум қилинди. Охирги ҳалок бўлган сайёҳнинг жасади 5 май куни қутқарувчилар томонидан сувдан чиқариб олинган. Қолган сайёҳлар эса фавқулодда вазиятлар бўйича хизмат ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида хавфсиз ҳолда қирғоққа чиқарилган.
Расмий манбаларнинг хабар қилишича, сувдан чиқарилган 70 нафар одам тиббий муассасаларга мурожаат қилган. Ҳозирги вақтда уларнинг соғлиғи хавф остида эмаслиги айтилмоқда, барчанинг аҳволи қониқарли деб баҳоланмоқда.
Мазкур қутқарув амалиётига 500 га яқин махсус тайёргарликка эга бўлган профессионал қутқарувчилар жалб этилган. Улар махсус ускуналар ва қайиқлар ёрдамида туну кун ишларини олиб борган.
Хитой президенти Си Жинпинг мазкур ҳолат бўйича зудлик билан Гуйчжоу провинцияси раҳбариятига фавқулодда вазият оқибатларини тезроқ бартараф этиш ҳамда жабрланганларга ёрдам кўрсатиш учун "барча имкониятларни ишга солиш" ҳақида топшириқ берган.
Шунингдек, давлат раҳбари аҳоли гавжум бўладиган жамоат жойлари ва аттракционларда хавфсизлик чораларини кучайтириш ва бундай фожиали ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида зарур чора-тадбирларни амалга ошириш вазифасини белгилаган.
Айни пайтда, Гуйчжоу провинцияси маъмурияти ҳодиса бўйича текширув ишларини бошлаб юборган ва фожиа сабабларини аниқлаш ҳамда масъулларни топиш бўйича чоралар кўрилмоқда. Бу каби фожиалар келгусида такрорланмаслиги учун мутасаддилар томонидан қўшимча хавфсизлик чоралари жорий этилиши таъкидланди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар