
Америка Қўшма Штатлари маъмурияти ноқонуний мигрантлар оқимини камайтириш ва мамлакат ҳудудида қонуний тартибни ўрнатиш мақсадида янги дастурни амалга оширишни бошлади. Унга кўра, ўз ихтиёри билан ватанга қайтишга қарор қилган ноқонуний мигрантларга молиявий рағбат сифатида минг доллар миқдорида пул бериш кўзда тутилган. Бу ҳақда мамлакатнинг Ички хавфсизлик вазирлиги расмий порталида маълум қилинди.
Маълумотда таъкидланишича, мазкур ташаббус “CBP Home” мобил иловаси орқали амалга оширилади. Бу дастур АҚШда ноқонуний тарзда истиқомат қилаётган шахсларга мамлакатни ҳибсга олинмасдан ва молиявий зарар кўрмасдан тарк этиш имконини яратишга қаратилган. Бу жараён, ўз навбатида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун ҳам енгиллик бўлиб, солиқ тўловчилар маблағларининг сезиларли даражада тежалишига олиб келиши айтилмоқда.
«Агар сиз мамлакатимизда ноқонуний ҳолда яшаётган бўлсангиз, ўз хоҳишингиз билан мамлакатни тарк этиш – ҳибсга олиниш хавфидан қочишнинг энг қулай, осон ва иқтисодий самарали усулидир. CBP Home мобил иловасини юклаб олинг ва мустақил тарзда депортация жараёнидан фойдаланинг», – дея чақириқ билан чиқди АҚШ Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм.
Маълум қилинишича, мазкур дастур бўйича ватанларига қайтадиган ҳар бир ноқонуний мигрант 1000 долларлик молиявий ёрдам олади. Бу маблағ уларнинг қайтадан ўз давлатларига мослашувини осонлаштириш учун ажратилади. Шунингдек, бу жараён АҚШ солиқ тўловчилари маблағининг 70 фоизгача тежалишига имкон бериши таъкидланмоқда.
Аввалроқ, АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг сайловолди кампанияси давомида ноқонуний миграцияга қарши қатъий кураш унинг дастурининг асосий қисмларидан бири бўлишини эълон қилган эди. Сўнгги ҳисоботларга кўра, бу йилнинг бошидан ҳозирга қадар мамлакатдан чиқариб юборилган мигрантлар сони 117 минг кишига етган.
Шунингдек, апрель ойи бошида The Washington Post нашри ўзининг юқори мартабали манбаларига таянган ҳолда, 2025 йил охиригача АҚШ томонидан депортация қилинадиган ноқонуний мигрантлар сони бир миллион кишига етиши мумкинлиги ҳақида маълумот тарқатганди.
АҚШ ҳукумати ушбу дастур орқали нафақат мамлакатдаги миграция тизимини тартибга солишни, балки иқтисодий ресурсларни тежаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иш юкини енгиллаштиришни ҳам мақсад қилган. Бу ташаббус қанчалик самарали бўлиши ва кўплаб мигрантларнинг ушбу таклифдан фойдаланиши, яқин келажакда аниқ бўлади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар