
5 май куни кечқурун АҚШ ҳамда Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Яманнинг пойтахти Сана ва стратегик аҳамиятга эга Ходейда шаҳрига кенг қамровли авиазарбалар берди. Бу ҳақда The Times of Israel нашри хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, авиазарбалар Исроилнинг Бен-Гурион халқаро аэропортига ҳусийлар томонидан уюштирилган ракета ҳужумидан бир неча кун ўтиб амалга оширилган. Саудия матбуот манбаларининг хабар беришича, Америка ҳарбий-ҳаво кучлари Сана шаҳрига уч босқичли ҳужум ташкил этган. Шу билан бир пайтда, Ходейда порти Исроилнинг 30 дан ортиқ ҳарбий самолёти томонидан нишонга олинган.
АҚШ ва Исроил ҳарбий учувчилари ҳужум пайтида асосан инфратузилма ва энергетика билан боғлиқ объектларни нишонга олгани таъкидланмоқда. Умумий ҳисобда, Яман ҳудудига 50 га яқин бомбалар ташланган.
«Биз Ходейда порти ҳамда қурол-яроғ ишлаб чиқариш учун фойдаланилаётган бетон заводларини йўқ қилишни мақсад қилдик. Бу қўшма операция кучли таъсирга эга бўлди ва бу ҳали охиргиси эмас. Биз вазиятни жиддий назоратга олдик», — дея маълум қилган Исроил манбаси.
Бошқа бир манбанинг қайд этишича, портга берилган зарбалар жиддий зарар етказган бўлса-да, объект бутунлай ишдан чиқмаган. «Ходейда порти жиддий зарар кўрди, аммо уни тўлиқ вайрон бўлди деб бўлмайди», — деб таъкидлаган манба.
Ҳусийлар ҳукумати қошидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Санадеги зарбалар натижасида 16 киши жароҳатланган. Ходейда шаҳридаги жароҳатланган ёки ҳалок бўлганлар сони ҳақида эса ҳали расмий маълумот берилмаган.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири Исраэл Кац ҳарбий ҳужумларни Тель Авивда жойлашган ҳарбий штабдан кузатиб борган.
Ўз навбатида, ҳусийлар ҳаракатининг сиёсий бюроси бу ҳаво ҳужумларини кескин қоралади ва Исроил бу зарбаларни ҳарбий мақсадларга етказолмагани учун иқтисодий объектларга ҳужум уюштирганини таъкидлади. Шунингдек, уларнинг маълумотига кўра, цемент заводига қилинган зарба натижасида икки киши ҳалок бўлган, 42 киши эса жароҳат олган.
Ҳарбий таҳлилчилар бу ҳодисани минтақадаги вазиятнинг янада кескинлашувига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Халқаро жамоатчилик эса ҳар икки томонни можарони тинч йўл билан ҳал қилишга чақириб қолмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар