date
views 48

Узоқ ва соғлом умрнинг сирини олимлар кашф қилди: қора чой, резавор ва мевалар...

Узоқ ва соғлом умрнинг сирини олимлар кашф қилди: қора чой, резавор ва мевалар...
Австралия, Ирландия ва АҚШ олимлари ўтказган кенг кўламли тадқиқот соғлом ва фаол қаришнинг самарали йўлини аниқлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, доимий равишда қора чой, резаворлар, цитрус мева ҳамда олма истеъмол қилиш организмни яшартириш ва кексалик билан боғлиқ кўплаб касалликларнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

Тадқиқотда иштирок этган 24 ёшдан юқори бўлган 62 минг 743 аёл ва 23 минг 687 эркакнинг соғлиқ кўрсаткичлари чуқур таҳлил қилинди. Натижалар шуни кўрсатдики, кундалик рационда флавоноид моддаси юқори бўлган маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилиш кексаликдаги жисмоний заифлик, руҳий тушкунлик ва турли хил салбий ўзгаришлар хавфини сезиларли даражада пасайтиради.

Флавоноидлар – бу ўсимликлар таркибида мавжуд бўлган биологик фаол моддалар бўлиб, улар организмни саломатлаштиришда беқиёс аҳамиятга эга. Олимларнинг таъкидлашича, бу моддалар оксидатив стрессни камайтиради, яллиғланиш жараёнларига қарши курашади ва иммунитетни кучайтиради. Шу билан бирга, флавоноидлар қон томирларининг саломатлигини яхшилайди, мушак тўқимасини сақлайди ва организмнинг қариш жараёнини сезиларли даражада кечиктиради.

Мутахассислар тадқиқот давомида, айниқса, қора чой ва резаворларни мунтазам равишда истеъмол қиладиган инсонлар кексаликда ҳам жисмоний фаоллик ва юқори ҳаётий тонусни сақлаб қолишини қайд этди. Смородина, малина, кўк резаворлар ва бошқа мева-чева таркибидаги флавоноидларнинг организмга ижобий таъсири илмий асосланган.

Шунингдек, лимон, апельсин, мандарин каби цитрус мева ҳамда олма ҳам саломатлик учун бениҳоя фойдали ҳисобланади. Бу маҳсулотларни мунтазам истеъмол қилиш нафақат иммунитетни мустаҳкамлайди, балки организмнинг ички тизимлари ишини яхшилайди ва руҳий саломатликни қўллаб-қувватлайди.

«Тадқиқотимиз флавоноидларга бой озиқ-овқатларни кундалик рационга киритиш одамларнинг қариликни саломат ва юқори сифатли ҳаёт билан кутиб олишларига ёрдам беради», – деб таъкидлади тадқиқотчилар.

Шундай экан, соғлом ва узоқ умр кўришни хоҳлаган инсонлар учун рационга чой, резаворлар ва меваларни кўпроқ қўшиш тавсия қилинади. Бу маҳсулотлар организмни ёшартириб, руҳий ва жисмоний ҳолатни ҳам бирдек юқори даражада сақлаб қолиш имкониятини беради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Узоқ ва соғлом умрнинг сирини олимлар кашф қилди: қора чой, резавор ва мевалар...