
Америка Қўшма Штатларида қарийб 63 йил аввал ғойиб бўлган ва тақдиридан ҳеч кимнинг хабари бўлмаган Одри Бакеберг соғ-саломат ҳолда топилди. Бу ҳақда Висконсин штати Сок округи шерифлиги маълум қилди, дея ёзади The Guardian.
Қайд этилишича, Одри Бакеберг 1962 йилнинг июль ойида бедарак йўқолганида, эндигина 20 ёшда бўлган ва Висконсиннинг кичик шаҳарларидан бири бўлган Ридсбергда истиқомат қилган. Терговчилар аёл уйини ўз хоҳиши билан тарк этганини тахмин қилишмоқда, аммо унинг йўқолиши сабаблари анчагина сирли ва тушунарсиз бўлиб қолган.
Одрининг тақдири ҳақидаги тафсилотлар ҳам эътиборга лойиқ. Маълум бўлишича, Одри 15 ёшида Роналд Бакеберг билан турмуш қурган. Жуфтликнинг икки нафар фарзанди бўлиб, уларнинг муносабатлари вақт ўтиши билан кескин ёмонлашган. Аёл йўқолишидан олдин маҳаллий судга ариза бериб, эри томонидан калтаклангани ва ҳаётига таҳдид қилинганини маълум қилган. Бироқ ариза судда кўрилишига улгурмасдан аёл ғойиб бўлган эди.
Одри сўнгги бор ишлаган фабрикасига иш ҳақини олиш учун йўл олган ва йўлда у билан бирга болаларининг 14 ёшли энагаси ҳам бўлган. Улар биргаликда Висконсин штати маркази ҳисобланган Мадисон шаҳрига боришади. Кейинроқ Одри энагани ортга қайтариб, автобусга ўтириб Индианаполисга йўл олади ва ўша кунидан бошлаб ундан хабар олина олмайди.
Ўша пайтдан бошлаб терговчилар турли хил фаразлар бўйича қидирув ишларини олиб борганлар, аммо натижалар ҳеч қандай самара бермаган ва иш охирида умуман тўхтаб қолган эди.
Бироқ 2025 йил бошида маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан эски, ҳал бўлмаган жиноий ишларни қайта текшириш жараёнида, махсус генеалогик веб-сайт орқали йўқолган аёлнинг синглисига тегишли аккаунт топилади ва ушбу изланишлар натижасида терговда катта бурилиш юз беради.
Тез орада терговчилар Одрининг синглиси билан алоқага чиқишади ва аёлнинг бошқа штатда яшашини аниқлашади. Айни вақтда аёлнинг қаерда истиқомат қилаётгани очиқланмаган, аммо у бутунлай янги ҳаёт бошлаб, ўтмишдан заррача афсусда эмаслиги маълум қилинган.
Ишга масъул бўлган терговчи Айзек Ҳенсоннинг маълум қилишича, Одри Бакеберг ўтган йиллар давомида хотиржам ва тинч ҳаёт кечирган. Аёлнинг соғлиги ҳам яхши экани таъкидланмоқда.
Ҳозирда тергов органлари Одрининг шахсий сабабларга кўра ғайриоддий ҳолда ғойиб бўлиши борасида қўшимча маълумотларни ошкор қилмасликни маъқул кўришмоқда. Аммо бундай сирли ҳолатнинг узоқ йиллардан сўнг аниқлик киритилиши барчани ажаблантирди.
Ҳозирда Одри Бакебергнинг фарзандлари ва яқинлари билан учрашиши ёки мулоқот ўрнатиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Унинг ўзи бу борада изоҳ беришдан бош тортган.
Шу тариқа, 63 йиллик сирли воқеа аниқланиб, кўплаб терговчиларнинг диққат марказида бўлган ушбу иш ўз ечимини топди. Аммо Одрининг бу давр мобайнидаги ҳаёти ҳали ҳам сирлигича қолмоқда.
Одри БакебергЙилСирли ВоқеаВисконсин ШтатиТергова ишлариФарзандлари биланҲуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар