
Бирлашган Араб Амирликлари янги ўқув йилидан бошлаб таълим тизимида муҳим янгиликни амалга оширишга қарор қилди. Мамлакат мактаблари дастурига биринчи марта сунъий интеллект (СИ) фан сифатида киритилади. Бу ҳақда мамлакатнинг етакчи нашрларидан бири бўлган Khaleej Times хабар тарқатди.
Ҳукуматнинг тасдиқлашига кўра, янги фан давлат таълим муассасаларининг барча босқичларида, боғчадан тортиб 12-синфгача бўлган барча ўқувчиларга ўқитилади. Бош вазир шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ушбу янгиликнинг аҳамиятини изоҳлар экан, бу қарор ёш авлодни янги даврнинг талабларига жавоб беришга ва келажакда муваффақиятли бўлишга тайёрлаш учун кераклигини алоҳида таъкидлади.
«Биз болаларни ҳозирги вақтдан бошлаб янги дунёга тайёрлашимиз керак. Сунъий интеллект соҳасидаги билимларни эгаллаш ёшларимиз учун нафақат имконият, балки бугунги куннинг муҳим заруратидир», – деди БАА бош вазири.
Таълим вазири Сора Бинт Юсуф Ал-Амирининг сўзларига кўра, янги фан доирасида ўқувчилар сунъий интеллект асослари, маълумотларни таҳлил қилиш ва алгоритмларни яратиш, дастурий таъминотлар ишлаб чиқиш каби амалий кўникмаларга эга бўладилар. Бундан ташқари, СИ этикаси, унинг жамиятга таъсири ва келгуси истиқболлари ҳам ёритилади.
Ўқувчилар сунъий интеллектнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини, инновацион лойиҳаларни амалга ошириш усулларини, сунъий интеллектнинг кенг қўлланилиши бўйича муаммоларни ҳал қилишни ҳам ўрганадилар. Шунингдек, ёшлар ўз билимларини лойиҳаларда синаб кўриш имкониятига эга бўлишади.
«Биз мақсад қилиб олган асосий вазифа ёшларнинг сунъий интеллект ҳақидаги билимларини чуқурлаштириш, шу билан бирга унинг имконият ва хавфларига бўлган англаб етиш даражасини оширишдир. Янги авлодни бизникидан тубдан фарқ қиладиган шароитларга тайёрлашимиз зарур», – деб таъкидлади мамлакат бош вазири.
БАА ҳукумати ушбу янги фанни киритиш орқали, иқтисодиётни янада ривожлантириш ҳамда нефт маҳсулотларига қарамликни камайтириш мақсадида рақамли технологияларга йўналган стратегияни амалга оширмоқда. Мамлакат келгусида сунъий интеллект ва рақамли технологияларнинг глобал марказига айланишни режалаштирмоқда.
Амирлик ҳукумати келажак технологиялари учун зарур шароитларни яратиш, шу билан бирга таълим соҳасида туб ўзгаришларни амалга оширишда давом этади. Сунъий интеллект бўйича янги фаннинг ўқув дастурига киритилиши ҳам айнан шу йўналишдаги дадил қадамлардан биридир.
Янги авлод сунъий интеллектни мактабдан ўрганади – БАА келажакка муҳим қадам ташлади! «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар