
6 май, сешанба куни Россия пойтахти Москва яна бир бор учувчисиз учоқларнинг (дронлар) оммавий ҳужумига дуч келди. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими куннинг иккинчи ярмида учта дроннинг Москвага қилинган ҳужумини муваффақиятли равишда қайтарган.
Россия Мудофаа вазирлиги томонидан тарқатилган маълумотда Москва вилояти осмонида иккита учувчисиз учоқнинг йўқ қилингани тасдиқланган. Дронлар зарба беришига йўл қўйилмаган бўлса-да, бу воқеа шаҳардаги ҳаёт ритмини сезиларли даражада ўзгартирди.
Аэропортларда вақтинча чекловлар
Ҳужум сабабли, Россиянинг асосий авиация марказлари бўлган «Внуково», «Домодедово» ва «Жуковский» аэропортлари рейсларни қабул қилиш ва юбориш ишларини вақтинчалик тўхтатишга мажбур бўлди. Бу ҳақда «Росавиация» расмий равишда хабар берди. Парвозлар билан боғлиқ чекловлар шунингдек, Калуга, Тамбов, Ярославл ва Нижний Новгород аэропортларида ҳам амалга оширилди.
Аввалроқ худди шундай вазият Россиянинг бошқа йирик шаҳарлари — Қозон, Нижнекамск, Самара аэропортларида ҳам кузатилган эди. Кун мобайнида ушбу шаҳарлар ҳаво майдонлари қайтадан ўз ишини тиклади, аммо вазият барқарорлашгунга қадар кўплаб рейслар кечикиш ёки бекор қилиниш билан юзлашди.
Россия ҳаво мудофаа тизими оммавий ҳужумларни бартараф қилди
Россия Мудофаа вазирлиги Украина томонидан амалга оширилган мазкур кенг кўламли дрон ҳужумлари ҳақида расмий баёнот берди. Вазирлик маълумотларига кўра, фақат сешанба куни кечқуруннинг ўзида 57 та Украинага тегишли дрон Россия ҳаво мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилинган ёки ушлаб қолинган.
Дронларнинг энг кўпи — 31 таси Брянск вилояти осмонида зарарсизлантирилган бўлса, Курск вилоятида — 14 та, Орел вилоятида — 7 та, Калуга ва Рязан вилоятларида икки дона ҳамда Қрим ҳудудида яна битта учувчисиз учоқнинг йўқ қилингани қайд этилган.
Москвада тунги ҳужумнинг оқибатлари
Мудофаа вазирлиги шунингдек, 6 майга ўтар кечаси ҳам жуда катта кўламли ҳужумлар амалга оширилганини билдирди. Унга кўра, тун давомида Россия ҳаво мудофаа тизимлари томонидан умумий ҳисобда 105 та учувчисиз учоқ йўқ қилинган. Улар орасида Москва вилоятининг ўзида 19 та дрон зарарсизлантирилган.
Москва яқинида уриб туширилган икки учувчисиз учоқнинг қолдиқлари шаҳарнинг турли ҳудудларидан топилган. Биринчи дрон қолдиқлари Каширское шоссесида жойлашган кўп қаватли турар жой биноси ёнидан, иккинчи дроннинг бўлаклари эса Янги Москва ҳудудидаги Кувекино қишлоғида аниқланган.
Ҳудудий мудофаа кучайтирилмоқда
Ҳозирги вақтда Москва шаҳар маъмурияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг самарадорлигини янада ошириш ва бу каби ҳужумларга қарши курашишда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришни режалаштирмоқда.
Россия расмийлари ушбу ҳужумларда Украина Қуролли кучларини айбламоқда ва ҳужумлар келгусида ҳам давом этиши эҳтимолидан келиб чиқиб, мамлакатнинг барча стратегик аҳамиятга эга шаҳарларида ҳаво мудофаа тизимларини юқори жанговар шайлик ҳолатида сақлаш бўйича кўрсатма берилганини таъкидлашди.
Айни вақтда Россияда аэропортлар ва ҳаво қатновлари тўлиқ тикланганига қарамасдан, аҳоли ва расмийларнинг хавотирлари ҳали ҳам мавжуд. Ҳужумлар давом этиши эҳтимолидан келиб чиққан ҳолда, фуқароларни огоҳлантириш ва хавфсизлик чораларига амал қилиш зарурлиги ҳақида тавсиялар берилмоқда.
Москва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари ҳушёр ҳолатда қолмоқда ва шаҳар аҳолиси ҳам бундай воқеаларнинг такрорланмаслигидан умид қилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар