date
views 482

Покистон Ҳиндистон ҳужумига икки хил жавоб вариантини маълум қилди

Покистон Ҳиндистон ҳужумига икки хил жавоб вариантини маълум қилди
Покистон Ҳиндистон ҳужумига жавоб зарбаси беради, бироқ қўшни мамлакат агрессиясини тўхтаца, Исломобод ҳарбий эскалациядан тийилишга тайёр. Бу ҳақда Покистон мудофаа вазири Хаважа Асиф маълум қилди. Вазир Покистон навбатдаги қуролли можарода қанчалик узоққа боришга тайёрлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.

Биз сўнгги икки ҳафта давомида Ҳиндистонга нисбатан ҳеч қандай душманлик ҳаракатини бошлаганимиз йўқ, деб тинимсиз гапирдик. Лекин бизга ҳужум қилишса, жавоб берамиз. Агар Ҳиндистон чекинадиган бўлса, биз бу кескинликни аниқ тўхтатамиз, деди у.
Покистон ахборот вазири Аттаулла Тарар мамлакатнинг Ҳиндистон ҳужумига жавоби “муносиб ва кенг қамровли” бўлганини айтди. У Покистонга қарши операцияда бевосита иштирок этган ҳарбий объектлар ва Ҳиндистон самолётлари нишонга олинганини таъкидлади.

Ҳиндистон расмийлари 7 майга ўтар кечаси Покистондаги, шунингдек, Кашмирнинг Покистон қисмидаги “террорчилик” инфратузилмасига ҳужум қилиб, “Синдур” операциясини бошлади. Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, армия Покистондаги 9 та объектга зарба берган. Уларга Бахавалпур, Музаффаробод, Сиалкот, Котли, Муридке ва бошқа шаҳарлардаги объектлар киради. Ҳужумда “Покистон қуролли кучларининг бирорта ҳам объекти нишонга олинмагани” айтилган.

Бироқ Покистон армияси зарбалар террорчиларга эмас, балки тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга берилганини маълум қилган. Мамлакат ҳаво ҳудудини 48 соатга ёпган. Ҳиндистон ҳужуми оқибатида камида 26 киши ҳалок бўлган, 46 киши жароҳатланган.

Бунга жавобан Покистон Ҳиндистон ҳудудига зарбалар йўллаган. Кашмирдаги назорат чизиғидаги ҳинд постларига зарар етган. Ҳинд ҳарбийлари томонидан оқ байроқ кўтарилган. Покистон Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларининг бешта қирувчи самолётини уриб туширганини маълум қилган.

Покистон ва Ҳиндистон муносабатлари

Икки давлат ўртасидаги муносабатлар 22 апрель куни Кашмирнинг Паҳалгам ҳудудида юз берган террорчилик ҳужуми сабаб кескинлашди. Ҳужум оқибатида 26 киши ҳалок бўлди. Қуролли шахслар маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга қарата ўт очди. Ҳиндистон Покистонни бу ҳужумни қўллаб-қувватлашда айблади. Покистон мазкур даъвони рад этиб, текширув ўтказишни талаб қилди.

Ҳиндистон Покистон билан 1960 йилдаги Ҳинд сувлар тўғрисидаги шартномани тўхтатиб, чегара бўйлаб сув оқимини тўхтатиб қўйди. Покистон бу уруш очишга тенг эканини билдирди. Мамлакат Ҳиндистон билан дипломатик ва савдо алоқаларини чеклади, ҳаво майдонини ёпди ва савдо алоқаларини тўхтатди.

Чегара бўйлаб кичик қуролли тўқнашувлар ва ракета синовлари кўпайди. Покистон қисқа масофали Фатаҳ ракетасини синовдан ўтказди, Ҳиндистон эса хавфсизлик машғулотларини кучайтирди Халқаро ҳамжамият, жумладан Қўшма Штатлар, томонларни зиддиятни эскалация қилмасликка чақириб, дипломатик каналларни тиклашга чақирганди.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Покистон Ҳиндистон ҳужумига икки хил жавоб вариантини маълум қилди