
Россия президенти Владимир Путин мудофаа вазирлигига "Орешник" баллистик ракетаси билан Киевдаги ҳарбий ва сиёсий объектларни нишонга олиш бўйича аниқ топшириқ берди. Бу ҳақда "Маш" ва "База" каби Россиянинг оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига таяниб хабар тарқатди.
Хабарларда таъкидланишича, Путин бу топшириқни берганида, яқин орада оташкесим бўйича ҳеч қандай сулҳ ёки келишув ҳақида гап бўлиши мумкин эмаслигини маълум қилган. Бу қарорга сабаб сифатида, сўнгги вақтларда Украина томонидан амалга оширилаётган провокацион ҳаракатлар, айниқса дронлар билан Москвага ҳужум қилишга уринишлар, шунингдек, пойтахтдаги байрам тадбирлари пайтида янада жиддийроқ провокацияларнинг тайёрланаётгани кўрсатилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Россия биринчи марта 21 ноябрь куни "Орешник" баллистик ракетаси орқали Днепр шаҳрини нишонга олганди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, ушбу ракетанинг юқори тезлиги ва траекторияси унинг тутиб олинишига деярли имкон қолдирмайди. Бироқ, ушбу қуролнинг иккинчи синови 6 февраль куни Киевга қарши амалга оширилганида муваффақиятсизлик билан якунланган: ракета белгиланган нуқтага етиб бормасдан, ҳавода портлаб кетганди.
Мазкур воқеадан сўнг, Кремльда вазият оғир қабул қилинган ва Путиннинг Киевдаги "қарор қабул қилиш марказлари"га, хусусан, Украина президенти Владимир Зеленскийнинг офисига қилинган таҳдидлари фонида ушбу муваффақиятсизлик Россиянинг ҳарбий нуфузига жиддий зарба бўлган.

Фото: “Орешник”нинг ички кўриниши
Украина расмийлари ва Киев аҳолиси эса ушбу иккинчи синовдан сўнг маълум муддат таҳликали вазиятдан халос бўлган эдилар. Чунки экспертларнинг фикрига кўра, "Орешник" баллистик ракетаси жуда катта вайронагарчилик салоҳиятига эга бўлиб, унинг ҳарбий таъсиридан ташқари, руҳий босим ва ваҳима уйғотиш эффекти ҳам юқори эди.

Ҳозирги пайтда Россия Мудофаа вазирлиги ушбу ракеталарнинг техник кўрсаткичлари ва самарадорлигини ошириш бўйича ишлар олиб бораётгани айтилади. Шу боис, Путиннинг навбатдаги топшириғи яна бир марта Киевдаги вазиятни кескинлаштириши мумкинлиги ҳақида тахминлар билдирилмоқда.
Халқаро кузатувчилар эса ушбу ҳаракатнинг натижалари қандай бўлиши мумкинлиги ва Украина томонининг қандай жавоб чоралари кўришини диққат билан кузатиб боришмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар