
Илон Маск қўшнилари билан тортишувда: Миллиардер нега ўз уйи атрофидаги баланд панжарани бузиши мумкин?
Америкалик миллиардер, Tesla ва SpaceX компаниялари асосчиси Илон Маск яна бир бор Америка жамоатчилиги эътиборига тушди. Бу сафар у ўзининг янги харид қилган уйи атрофидаги катта панжара сабаб Остин шаҳри аҳолиси билан баҳслашиб қолди. Бу ҳақда The New York Times нашри хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, Илон Маск Остиннинг энг нуфузли ҳудудларидан бири бўлган қимматбаҳо уйларни ўз ичига олган маҳалладан янги кўчмас мулк сотиб олган. 6 миллион долларлик бу уй аввал бошида маҳаллий аҳолининг ҳеч қандай диққатини тортмаган. Бироқ янги уй эгасининг қурилиш ишлари бошлаши билан вазият ўзгарган.
Қайд этилишича, Маск уйни харид қилгандан сўнг унинг атрофида беш метр баландликдаги панжара ҳамда улкан пўлат дарвозани қуриш бўйича кенг кўламли ишлар бошланган. Маҳалла аҳолиси эса бу ҳолатдан ташвишга тушиб, кўча манзараси ва атроф муҳит бузилаётганидан шикоят қилишни бошлаган.
Муаммо эса, Остин шаҳарининг ички қоидаларига кўра, икки метрдан баландроқ бўлган панжараларни қуриш қатъиян ман этилганлиги билан боғлиқ. Бироқ Маск бу қоидани бузиб, қурилиш ишларини рухсатнома олмасдан бошлаб юборган. Миллиардер ҳатто қурилишни амалга ошириб бўлгач, ўз панжарасини қонунийлаштириш учун шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилган.
Бироқ Остин шаҳар ҳокимияти Маскнинг бу талабини рад этган. Чунки ушбу талаб қондирилса, бу бошқа кўплаб нуфузли шахсларга ҳам қоидаларни четлаб ўтиш учун баҳона бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги қайд этилган.
Маскнинг бу қоидаларга амал қилмаслиги маҳаллий аҳолининг жаҳлини чиқарган. Улар шаҳар кенгашига мурожаат қилиб, панжарани зудлик билан бузиб ташлашни талаб қилишган.
Бу билан чекланмасдан, Илон Маск яна бир мурожаат билан чиқиб, ўз уйи ҳақидаги маълумотларни давлат кўчмас мулк базаларида ошкор қилмасликни сўраган. Маск бу талабини ўзининг гўёки федерал давлат хизматчиси экани билан боғлаган ва бу маълумотларни фақат зарур ҳолларда тақдим қилишга тайёрлигини айтган.
Шаҳар ҳокимияти эса бундай талабни ҳам рад этган ва Маскнинг ўз мақоми билан боғлиқ ҳар қандай истисно талабларига йўл қўймаслигини таъкидлаган.
Яқин кунларда Остин шаҳар кенгашида махсус йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган. Бу йиғилишда маҳаллий аҳоли вакиллари ва шаҳар расмийлари Илон Маскнинг бу ҳаракатларини муҳокама қилиб, ноқонуний панжарани бузиш ёки жарима белгиланиши каби чораларни кўриб чиқади.
Маск бу муаммога қандай ечим топиши ҳозирча номаълум, аммо бир нарса аниқки, Остин аҳолиси ва шаҳар ҳокимияти бу ҳолатга жиддий қарамоқда. Қонунлар ва қоидаларга амал қилиш ҳамма учун баробар бўлиши шартлиги яна бир бор таъкидланмоқда. Ҳатто дунёдаги энг бой одам бўлсангиз ҳам, бу сизга махсус имтиёз бермайди, дейишмоқда маҳаллий аҳоли вакиллари. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар