
Россия ҳудудларида учувчисиз учоқлар (дронлар) томонидан содир этилган ҳужумлар оқибатида 6 май оқшомидан бошлаб мамлакатнинг йирик аэропортларида камида 350 та рейс бекор қилинган. Бу ҳақда Россия Туроператорлари ассоциацияси маълум қилди. Айтилишича, бу чекловлар жами 60 мингдан зиёд йўловчига, жумладан хорижий йўналишларда – Истанбул ва Дубайга учувчи йўловчиларга ҳам жиддий таъсир кўрсатган.
Масаланинг бошланиши Москванинг энг йирик аэропортлари – Внуково, Домодедово ва Жуковскийда кузатилган. Дрон ҳужуми хавфи сабабли ушбу аэропортлар рейсларни қабул қилиш ва жўнатишни вақтинчалик тўхтатган. Кейинроқ Шереметьево аэропорти ҳам шу каби чекловларга дуч келган.
Туроператорлар ассоциацияси тарқатган хабарга кўра, аэропортларнинг ёпилиши нафафат Москва билан чекланиб қолган, балки Сочи, Қозон, Киров ва Нижнекамск каби шаҳарлар аэропортлари ҳам ўз фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган. Шунингдек, Росавиация маълумотига кўра, Калуга, Волгоград, Саратов, Самара, Иваново, Нижний Новгород, Ярославл ва Тамбов шаҳарларида ҳам хавфсизлик мақсадида худди шундай чоралар кўрилган.
Ҳодиса билан боғлиқ равишда 7 май куни хорижий авиакомпаниялар – flydubai, Turkish Airlines, AJet ҳамда Pegasus кабиларнинг рейсларида жиддий кечикишлар ва бекор қилиш ҳолатлари кузатилди. Калуга ва Жуковский аэропортларида «Ковер» деб номланган махсус режа жорий қилинди. Бу эса, ўз навбатида, учиш ва келиш вақтининг бир неча соатга кечикишига олиб келди.
Шу билан бирга, айрим рейсларнинг қайта йўналтирилиши ҳам қўшимча муаммоларни келтириб чиқарди. Москвага келиш керак бўлган самолётлар Санкт-Петербургнинг Пулково, Минералние Води, Уфа, Перм, Саратов ва Қозон аэропортларига қўндирилди. Хусусан, Пулково аэропортида режадан ташқари 70 дан ортиқ самолёт қабул қилинди. Бу эса аэропорт хизматларини ишлашда катта навбат ва юкламага олиб келган.
Baza нашри ёзишича, Пулково аэропортидаги навбатлар трапларнинг етишмаслиги сабабли юзага келган. Самолётлар икки соатгача ўз навбатини кутишга мажбур бўлган ва йўловчиларга ҳатто сув ҳам тақдим этилмаган ҳолатлар кузатилган. Натижада йўловчилар бир неча соат самолётларда қийин шароитларда қолишган ва бу ҳолат улар томонидан кўплаб шикоятларга сабаб бўлган.
Ҳозирги вақтда ҳаво транспортидаги мазкур инқироз нафақат йўловчилар, балки мамлакатдаги туроператорларга ҳам жиддий таъсир кўрсатгани таъкидланмоқда. Ўн минглаб сайёҳларнинг режалари ўзгариши натижасида туризм соҳасидаги компаниялар ҳам катта молиявий зарарга учраши мумкин.
Ҳозирча расмийлар бу вазият қачон тўлиқ бартараф қилиниши ҳақида аниқ маълумот бергани йўқ. Аммо Россия авиация идоралари хавфсизлик чоралари кўрилганини ва вазиятни назорат қилишда давом этишларини маълум қилмоқда.
Фото: Андрей Титов
РоссияДрон ҲужумиАэропорт БекориЙўловчилар ҲолатиТуроператорлар АссоциациясиТуризм Соҳасидаги Зарар Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар