
Канаданинг нефтга бой бўлган Алберта провинциясида федерал ҳукумат билан зиддият кучаймоқда. Провинция бош вазири Даниэль Смит келгуси 2025 йилда ҳудуднинг мустақиллиги бўйича референдум ўтказиш эҳтимоли борлигини айтди. Бу ҳақда The Economic Times нашри хабар берди.
Даниэль Смитнинг сўзларига кўра, агар бу масала юзасидан керакли миқдорда аҳоли имзоси йиғилса, мустақиллик масаласи умумхалқ овоз беришига қўйилади. Шунга қарамай, Смит ўзи шахсан ажралиб чиқишни қўллаб-қувватламаслигини алоҳида таъкидлаган. Унинг айтишича, бу ташаббуснинг асосий мақсади — Оттавага нисбатан сиёсий босимни кучайтириш.
Айтиш жоизки, Алберта провинцияси федерал ҳукумат билан энергетика сиёсати бўйича мунтазам равишда тортишиб келади. Ҳудуд раҳбарлари нефть қазиб олишни кенгайтириш тарафдори бўлса, Канада федерал ҳукумати эса атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ва “яшил энергетика”ни ривожлантириш тарафдоридир. Бу қарама-қаршилик йиллар давомида давом этиб, охирги пайтларда янада кескинлашган.
Маҳаллий сиёсатчиларнинг фикрича, Албертанинг иқтисодий манфаатлари федерал ҳукумат томонидан етарлича ҳисобга олинмаяпти ва провинция ўзининг бой табиий ресурсларидан етарли даражада фойдалана олмаяпти. Бу эса, ўз навбатида, провинция аҳолиси ўртасида федерал ҳукуматга нисбатан норозилик кайфиятини юзага келтирмоқда.
Бундан ташқари, сўнгги йилларда АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг Канада бўйича баёнотлари вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Трамп бир неча бор Канада АҚШ таркибига қўшилиши зарурлигини таъкидлаган ва ҳатто мамлакатни АҚШнинг 51-штати сифатида кўришни исташини айтган. Трампнинг айтишича, Канада АҚШ билан бирлашса, ҳар икки томон иқтисодий жиҳатдан катта манфаат кўриши мумкин.
Трампнинг бу гаплари Албертадаги сепаратизмга мой сепгандек таъсир кўрсатиб, маҳаллий сиёсий вазиятга ташқи таъсир сифатида баҳоланмоқда. Бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, Албертанинг ҳақиқатда ажралиб чиқиши эҳтимоли юқори эмас. Айниқса, аҳоли орасида олиб борилган сўров натижаларига кўра, мустақиллик ғоясини фақат 30 фоизга яқин аҳоли қўллаб-қувватламоқда.
Шу билан бирга, Албертадаги вазият Канаданинг бошқа минтақаларида, жумладан, анъанавий равишда сепаратизм маркази бўлган Квебекда ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Сўнгги вақтларда Квебек раҳбарлари Албертанинг нефт қазиб олиш лойиҳалари билан қизиқиш билдира бошлагани кузатилмоқда.
Ҳозирча аниқ бўлгани шуки, Алберта мустақиллик референдумини ўтказиш борасида аниқ ҳаракатлар бошлаган тақдирда, бу Канада тарихидаги жиддий сиёсий воқелик бўлади. Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, агар Алберта мустақил бўлиб чиқмаса ҳам, бу жараён федерал ҳукуматга босимни кучайтириб, мамлакат ичидаги иқтисодий ва сиёсий муносабатларни тубдан ўзгартириши мумкин.
Яқин келажакда вазият қандай ривожланиши, Албертадаги мустақиллик ҳаракати қанчалик кучайиши ҳақида аниқ хулоса қилиш қийин. Аммо провинция раҳбарининг бу баёноти Канаданинг сиёсий манзарасида сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкинлиги аниқ.
Алберта ПровинциясиМустақиллик РеферендумиДаниэль СмитФедерал ҲукуматНорозилик КайфиятиЭнергетика Сиёсати Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар