
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги геосиёсий кескинлик яна хавфли босқичга кирди. 8 май куни кечқурун Ҳиндистоннинг Жамму шаҳридаги аэропорт атрофида портлашлар содир бўлди, деб хабар бермоқда халқаро ахборот агентликлари, жумладан, AFP ва Reuters.
Ҳинд ҳарбийларининг баёнотига кўра, Покистон томони шаҳарга дронлар ва ракета зарбаларини амалга оширган. Ҳужумлар натижасида Жамму шаҳрида электр таъминоти тўлиқ ўчирилган.
Бешта ҳарбий нуқта нишонга олинди
Ҳиндистондаги хавфсизлик кучлари маълумотларига кўра, шаҳар ҳудудида жойлашган бешта стратегик ҳарбий объект ҳужумга учраган. Исмини ошкор этмаган ҳинд ҳарбийси журналистларга маълум қилишича, ҳаво мудофаа тизими саккизта ракетани муваффақиятли тарзда тутиб қолган. Бироқ Покистон қанча ракета учиргани ҳозирча аниқ эмас.
Эскалациядан аввал — “Синдур” амалиёти
Ҳодисадан бир кун аввал, яъни 7 майга ўтар кечаси, Ҳиндистон Қуролли Кучлари “Синдур” деб номланган операцияни бошлаган эди. Унда Покистон ҳудудида жойлашган “террористик инфратузилма” ҳисобланган объектларга ракета зарбалари берилган. Покистон бу ҳаракатга жавобан ҳужум амалга оширганини расман тасдиқлади.
Йўқотишлар расмий тасдиқда
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳаводан қилинган ушбу ўзаро ҳужумлар натижасида Покистонда 32 нафар, Ҳиндистонда эса 16 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлган. Жароҳатланганлар сони ва моддий зарар миқдори ҳозирча расман эълон қилингани йўқ.
Покистон ҳам ўз ҳаво ҳимоя тизимини ишга туширди
Аввалроқ Покистон томони Ҳиндистон томонидан жўнатилган 29 та дронни Карачи, Лоҳур ва Равалпинди каби йирик шаҳарлар устидан уриб туширганини маълум қилган. Хусусан, Равалпинди — мамлакат армиясининг штаб-квартираси жойлашган гарнизон шаҳар сифатида алоҳида аҳамиятга эга.
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик ядровий қуролга эга икки давлат ўртасида юзага келгани учун жаҳон ҳамжамияти диққатини жиддий тортаётган масалага айланган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар