
Ғазо секторидаги оғир вазият кундан кунга кескинлашиб, аҳолининг ҳаёти хавф остида қолмоқда. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа комиссияси вице-президенти Кая Каллас ва комиссарлар номидан берилган қўшма баёнотда Исроилдан Ғазога йўлланган инсонпарварлик ёрдамининг блокадасини зудлик билан бекор қилиш талаб қилинган.
“Ғазо сектори икки ойдан кўпроқ вақт давомида инсонпарварлик ёрдамидан бутунлай маҳрум қолди. 2,2 миллион аҳоли учун мўлжалланган ва уч ой давомида яшаш учун етадиган тонналаб инсонпарварлик ёрдами чегарада турибди. Исроил томонидан блокада тугатилиши билан бу ёрдам тезда муҳтожларга етиб бориши мумкин. Оккупация қилувчи давлат сифатида Исроил халқаро ҳуқуққа мувофиқ инсонпарварлик ёрдамининг аҳолига етиб боришини таъминлашга мажбурдир,” – дейилади Европа Иттифоқининг баёнотида.
Баёнотда қайд этилишича, инсонпарварлик ёрдамининг қурол сифатида ишлатилиши халқаро ҳуқуқ меъёрларига қатъий зид келади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 7 октябрда бошланган низодан бери Исроил Ғазо секторига озиқ-овқат, сув ва бошқа зарурий маҳсулотлар киришига мунтазам равишда тўсқинлик қилмоқда. Бу эса сектор аҳолисининг ҳаёт даражасини янада оғирлаштириб, оммавий очлик хавфини юзага келтирмоқда.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу маъмурияти Ғазо секторига нисбатан амалиётларни кенгайтириш, ҳатто секторни тўлиқ эгаллаш ва аҳолини мажбурий кўчириш режаларини ҳам тасдиқлаган. Бундай ҳаракатлар халқаро ҳамжамият томонидан қаттиқ қораланмоқда.
Европанинг Исландия, Ирландия, Люксембург, Норвегия, Словения ва Испания каби олти давлати ташқи ишлар вазирлари ҳам Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий амалиётини кенгайтириш ва ҳудудда доимий қолиш режаларини қоралади.
“Бу ҳаракатлар халқаро ҳуқуққа зид бўлиб, Ғазодаги гуманитар вазиятни янада оғирлаштириши ҳамда икки давлат тинч-тотув яшаш истиқболини хавф остида қолдириши мумкин,” – дейилади ушбу давлатларнинг қўшма баёнотида.
Низо бошланганидан буён 52653 нафар фаластинлик ҳалок бўлди. Қурбонларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Сўнгги кунларда юз берган ҳужумлар натижасида эса яна 59 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани маълум қилинди.
Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамият Ғазо аҳолисига ёрдам етказилишини таъминлаш учун Исроилдан инсонпарварлик ёрдам блокадасини зудлик билан бекор қилишни талаб қилмоқда.
Фото: AP. Ғазодаги қочқинлар лагери бомбардимондан кейин. 2025 йил 7 май.
Ғазо СекториЕвропа ИттифоқиИсроил БлокадасиИнсонпарварлик ЁрдамиХалқаро ҲуқуқҲарбий Амалиёт Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар