
Покистон мудофаа вазири Хаважа Муҳаммад Асиф мамлакатнинг Ҳиндистон билан муносабатлари шундай кескинлашдики, кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларни бошлашдан бошқа чора қолмаганини маълум қилди.
“Биз учун эндиликда уруш қилишдан бошқа вариант қолмади. Уларга худди шундай тарзда ва кескин жавоб беришимиз лозим”, – деди вазир Покистоннинг миллий телеканалларидан биридаги интервьюда.
Журналист томонидан урушнинг бўлиши қанчалик аниқлиги ҳақида берилган саволга, мудофаа вазири қатъият билан: “Албатта, урушдан бошқа чора қолмаган. Бунда шубҳага ўрин йўқ”, – дея жавоб берди.
Эслатиб ўтамиз, 8 май куни Покистон ва Ҳиндистон замонавий авиация тарихидаги энг кенг кўламли ва энг узоқ давом этган ҳаво жангларидан бирини ўтказди. Бу жангда 25 та жанговар самолёт иштирок этди ва бу кескин ҳаво кураши бир соатдан зиёд вақт давом этди. Томонлардан ҳеч бири ўз ҳаво ҳудудини бузиб ўтмаган, зарбалар эса 160 километрдан ортиқ масофадан амалга оширилган.
Покистон хавфсизлик хизматининг CNN билан мулоқот қилган юқори лавозимли манбаси 2019 йилдан кейин ҳар икки томон ҳам бир-бирининг ҳаво ҳудудларига нисбатан эҳтиёткорона ёндашишга ўтганини таъкидлади. 2019 йилда Покистон томонидан ҳиндларнинг МиГ-21 русумидаги қирувчи самолёти уриб туширилган эди.
“Шундан бери ҳеч қайси томон яна таҳқирланишни истамайди”, – деди манба.
Ҳозирги жангда ҳам ҳар икки мамлакат ўз ҳаво ҳудудида қолган ҳолда, узоқ масофадан “ҳаво-ҳаво” ракеталари билан бир-бирига зарба берган. Бу ҳолат икки давлат ўртасидаги вазиятнинг нақадар кескинлигини ва эҳтиёткорлик даражасининг юқори эканлигини кўрсатмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар