
Европа Иттифоқи Украина мудофаа корхоналарининг ишлаб чиқариш салоҳиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Россиянинг музлатилган активларидан олинган маблағ ҳисобидан бир миллиард евро миқдорида молиявий кўмак ажратиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас 9 май куни Львов шаҳрида ўтган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари йиғилишида маълум қилди.
"Биз Украина ўзини янада самарали ҳимоя қилиши учун мамлакат мудофаа саноатига кўмак сифатида ҳозиргина бир миллиард евро ажратдик. Бу маблағлар яқин ойларда қўшимча ҳарбий ёрдам учун жуда муҳим бўлади", – деди Каллас.
Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро йиғилишда сўзлаган нутқида ўз мамлакати ҳам музлатилган Россия активларидан тушган маблағларни Украинага етказилган 60 та Caesar гаубицаларининг таъмирлаш ишларини молиялаштиришга сарфламоқчилигини билдирди. "Биз тинчлик ўрнатилишини истаймиз ва бу йўлдаги ягона тўсиқ бугунги кунда Москвадир", – дея таъкидлади Барро.
Украина бош вазири Денис Шмихал эса бу қарорни "тарихий" деб баҳолаб, Украина қуролланиши учун Россия маблағларидан фойдаланилаётганини алоҳида урғулади.
"Россиянинг маблағлари Украина қуролланиши учун сарфланади. Европа Иттифоқи Украинага ҳарбий ёрдам бериш учун жами 1,9 миллиард евро ажратиш режасини расман эълон қилди. Бу жуда муҳим тарихий қарор бўлиб, музлатилган Россия активларидан тушган маблағлар Европа Тинчлик жамғармаси орқали Украина қурол-аслаҳа харидига сарфланади", – дея ёзди Шмихал ўзининг Telegram каналида.
Ушбу маблағлар Украина қуролли кучларининг мудофаа қобилиятини ошириш, замонавий ҳарбий техника билан таъминлаш ҳамда давом этаётган мудофаа урушини янада мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар