date
views 70

АҚШ ҳудудига ноқонуний кирмоқчи бўлган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди

АҚШ ҳудудига ноқонуний кирмоқчи бўлган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди
АҚШнинг Ҳаво ва денгиз операциялари хизмати (АМО) чоршанба куни Виэкес оролига ноқонуний равишда киришга уринган тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди.

Расмий маълумотларга кўра, воқеа 7 май куни Фахардо денгиз бўлинмаси томонидан аниқланган. Чегара ходимлари орол томон ҳаракатланаётган бир қайиқни тўхтатиб текширган. Қайиқда жами етти нафар йўловчи бўлиб, улардан уч нафари АҚШ фуқаролари, қолган тўрт киши эса (уч эркак ва бир аёл) Ўзбекистон фуқаролари экани маълум бўлган. Текширув давомида ўзбекистонлик йўловчиларда АҚШ ҳудудига кириш ёки бу мамлакатда яшаш учун зарур бўлган ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқлиги аниқланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу кема АҚШнинг Виржин оролларида жойлашган Сен-Жон оролидан йўлга чиққан бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан Рамей чегара хизмати ходимлари тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олиб, уларни иммиграция ҳужжатларини расмийлаштириш ва АҚШ ҳудудидан депортация қилиш мақсадида ҳибсга олган.

Маълумот учун эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам АҚШ ҳукумати томонидан депорт қилинган бир гуруҳ ўзбекистонликларнинг Ватанга қайтарилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. АҚШ чегара ва иммиграция хизмати ҳозирда мамлакатга ноқонуний кириш ҳолатларини бартараф қилиш бўйича кескин чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ ҳудудига ноқонуний кирмоқчи бўлган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди