date
views 124

2022 йилги Истанбул музокаралари қандай ўтган ва нима билан якунланганди?

2022 йилги Истанбул музокаралари қандай ўтган ва нима билан якунланганди?
Путин амалда давом эттиришни таклиф қилган Истанбулдаги музокаралар 2022 йил март ойи охирида, Россия Украина ҳудудига кенг кўламли бостириб киришни бошлаганидан бир неча ҳафтадан кейин бўлиб ўтганди.

Ўшанда Россия Украинанинг НАТОга қўшилишдан бош тортишини ва Киевнинг ядросиз ва блокдан ташқари давлат мақомига рози бўлишини талаб қилган, Украина эса шартномаларда қайд этилган хавфсизлик кафолатлари шарти билан бунга тайёр эди. Россия томонидан аннексия қилинган Қрим ва Донбасс масаласи икки давлат президентлари даражасида алоҳида муҳокама қилиниши кўзда тутилганди. Киев ўт очиш тўлиқ тўхтатилганидан кейингина шартнома имзоланиши мумкинлигини билдиради.

Музокаралар натижалари «Истанбул коммюникеси»да қайд этилди, аммо уни ривожлантириш бўйича аниқ шартномалар тузилмади. Июн ойи ўрталарида Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков «ҳаммаси тугагани»ни маълум қилди.

Ўшанда BBC манбаси музокаралар муваффақиятсизлигининг сабабини шундай изоҳлаганди: «Музокаралар, агар етакчилар тинчлик ҳақида келишиб олсалар, имзолайдиган ҳужжатлар ҳақида эди. Эндиликда тинчлик умуман имконсиз экани аён бўлди».

Бу вақтга келиб, хусусан, россиялик ҳарбий хизматчиларнинг Украинанинг Буча шаҳридаги ҳарбий жиноятлари фактлари аллақачон ошкор бўлган, Россия эса Қора денгиз флоти флагмани «Москва» крейсеридан айрилган, бу эса Зеленскийнинг музокараларни давом эттиришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотларига қарамай, музокараларни мураккаблаштирган эди.

Ўша йил кузида Россия Украинанинг тўртта областини аннексия қилганидан сўнг, Зеленский Путин билан тўғридан тўғри музокаралар олиб боришни амалда тақиқловчи фармонни имзолайди.

Энди, Путиннинг ёрдамчиси Юрий Ушаков музокаралар «2022 йилда тўхтатилган жойидан, табиийки, ҳақиқий вазиятни ҳисобга олган ҳолда» қайта бошланиши кераклигини айтди.

2025 йил баҳорига келиб Истанбул коммюникеси янги музокаралар учун бошланғич нуқта бўлиши мумкинлиги ҳақида яна гапира бошлашди. Хусусан, Доналд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили, шунингдек, Украина бўйича музокараларни ташкил этиш жараёнида иштирок этаётган Стив Уиткофф Истанбулдаги музокараларни «аниқ ва мазмунли» деб атади ва улар «тинчлик битими тузиш учун мўлжал» бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини айтди. Бироқ, Трампнинг Украина бўйича махсус вакили Кит Келлог унинг фикрига қўшилмади ва энди томонлар «мутлақо янги нарсани ишлаб чиқишлари кераклиги»ни билдирди.

Фото: Sergei Karpukhin/TASS
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 2022 йилги Истанбул музокаралари қандай ўтган ва нима билан якунланганди?